“Довут ота” постида вазият барқарор” – ДБҚ вазиятга “ичи бўш” муносабат билдирди (видео)
Жамият
−
02 Октябрь 2019
7336Аввалроқ, Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги “Довут ота” божхона постида юк машиналарининг ўтказилиши тўхтатиб қўйилгани сабабли 40 та юк машинаси 3 кун чегарада қолиб кетгани ҳақида хабар берилганди. Хабарга видео ҳам илова қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси мазкур хабарга муносабат билдирди. Аммо ДБҚ ҳолатга муносабат билдирдими ёки Ўзбекистон божхона тизими ҳақида умумий маълумот бердими тушуниш қийин. Қўмита муносабатида шундай дейилади:
“Сўнгги вақтларда Интернетдаги турли сайтлар ва ижтимоий тармоқларда мамлакатимиз чегара-божхона постларида (ЧБП) тирбандликларнинг юзага келаётганига доир хабарлар тарқалмоқда.
Хўш, ушбу хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин? Давлат божхона қўмитаси мазкур мавзу юзасидан муносабат билдиради.
Бугунги кунда республикамизда 110 та божхона постлари фаолият юритади. Уларнинг 57 таси чегара божхона-постлари ташкил қилади. Чегара-божхона постларининг 33 таси автомобиль, 13 таси темир йўл ўтказиш пунктларида жойлашган. Шунингдек, 11 таси халқаро аэропортларда фаолият юритади.
Чегара-божхона постларида божхона назорати ва расмийлаштирувни қисқа муддатларда сифатли ва узлуксиз амалга ошириш учун энг замонавий техник воситалар билан таъминланган.
Республикамизнинг ЧБПларига ўрнатилган 2000 га яқин видеокузатув камераларидан олинган тасвирларни марказдан туриб (таҳр. ДБҚдаги Мониторинг маркази) кузатиш имконияти мавжуд. Вақт кеч бўлганига қарамасдан ЧБПларимизда иш жараёни гавжум.
Рақамларга мурожаат қилсак, айни пайтда республикамизнинг ЧБПлари орқали бир кунда ўртача 130 минг нафарга яқин жисмоний шахслар ҳаракатланмоқда. Шунингдек, ЧБПлар орқали ҳаракатланаётган юк ва енгил автотранспорт воситаларининг кунлик ўртача миқдори6 мингтани ташкил қилади.
Айни пайтда сиз республикамизнинг шимолий дарвозаси “Довут ота” ЧБПни тасвирларда кўриб турибсиз. Ушбу ЧБП орқали кириб келган барча юк ва енгил автотранспорт воситалари божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказилмоқда.
Бу жараёнда божхона назорати ва расмийлаштирувини янада қисқа муддатларда амалга ошириш учун ЧБПларимизда барча имкониятлар ишга солинган.
Масалан, аксарият ЧБПларимиз тасвирда кўриб турганигиздек, сканер қурилмалари билан таъминланган бўлиб, улар юк автотранспорт воситаларини саноқли сонияларда божхона текширувидан ўтказишни таъминлади. Натижада, республикамизнинг ЧБПлари орқали ҳаракатланаётган юк автотранспортларининг божхона назорати учун ўртача 12 дақиқа сарфланмоқда.
Мониторинг марказида узлуксиз фаолият юритувчи операторлар барча ЧБПларидаги мавжуд вазиятни реал вақт режимида кузатиб боришади. Бу жараёнда турли муаммоли ҳолатлар ва вазиятлар юзага келганда уларни зудлик билан жойида бартараф этиш чораларини кўришади ва бу ҳақда ДБҚ раҳбариятини хабардор қилишади.
Гувоҳи бўлганингиздек, барча ЧБПларидаги божхона назорати ҳудудларида ҳеч қандай сунъий навбат. Ортиқча оворагарчиликлар ёки бирон-бир тўсиқлар кузатилмаяпти. Аксинча, божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнлари янада сифатли, пухта, ўз вақтида ва тезкор равишда амалга оширилмоқда.
Унутманг, ДБҚ божхна назорати ва расмийлаштируви жараёнида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар юзасидан тезкор муносабат билдиришга тайёр. Божхона органлари фаолиятига доир холис ва ҳаққоний ахборотларни тарқатишда ОАВ, кенг жамоатчилик вакиллари ва, албатта, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан ўзаро ҳамкорликка тайёр эканлигимизни маълум қиламиз.”
“Довут ота” чегара-божхона постида ҳозирги вазият барқарор бўлиши мумкин. Лекин 40 та “фура” тўхтатилгани уларнинг бари ҳаракатсиз ҳолда тургани тасвирланган видео ҳам бор. “Улар нега тўхтатилган?”, деган савол эса ҳамон очиқ қолмоқда.
LiveБарчаси