Довондаги ЙТҲ, ҳукми ўқилган Жўраев, Абдуҳакимовнинг ҳисоботи ва бошқа хабарлар
Жамият
−
02 Август 2019
53732 август куни ҳам ниҳоясига етяпти. Қуйида бугуннинг энг муҳим хабарларига тўхталиб ўтамиз.
Президент янги қарорни имзолади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Қишлоқ хўжалиги машинасозлигини жадал ривожлантириш, аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.
Довондаги ЙТҲда машина дарёга қулади. Ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Тожикистонда юз берган йўл-транспорт ҳодисасида бир нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, яна бири жароҳатланди. ЙТҲ жорий йилнинг 30 июль куни Сўғд вилоятидаги Шаҳристон довонида содир бўлган ва автомобиль дарёга қулаган. Натижада Ўзбекистон фурқароси А.Д. вафот этган. Бошқа ўзбекистонлик А.Н. жароҳат олган ва шифохонага ётқизилган.
Яна митинг ўтказишмоқчи
Москва маъмурияти 10 август куни Aкадемик Сахаров проспектида мустақил номзодларни “Қабул қилиш учун” акциясини ўтказишга келишиб олди, деди Москва минтақавий хавфсизлик бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Василий Олейник.
Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳаммасини айтди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Вазирлар Маҳкамасининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи ярмида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботи парламентда эшитилди. Ҳисоботни Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов тақдим этди.
Ўзбекистонликлар ўртасидаги жанжалда бир киши қурбон бўлди
Кеча, 1 август куни Корея Республикаси Ўзбекистон фуқароси қурбон бўлди. Бу ҳақда ТИВ Матбуот хизмат хабар берди. Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги Элчихонаси берган маълумотга кўра, Кёнгбук провинсиясида юзага келган ўзаро жанжал оқибатида Ўзбекистон фуқароси Р.Т. жароҳат олиб, вафот этди.
Ёнаётган ўрмонни қутқариш кампанияси бошланди
Россиянинг Сибир ўлкасида кучли ўрмон ёнғинлари содир бўлаётгани боис Иркутск, Красноярск, Бурятия ва Якутиянинг алоҳида ҳудудларида “Фавқулодда ҳолат” эълон қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Ёнғинлар ҳамон давом этяпти ва тобора кенгайяпти. ФВВ хабарига кўра, ёнғин тайга ўрмонларининг 300 млн гектарини қамраб олган. Бу тахминан Бельгия ҳудудига тенг. Аланга тутуни шарққа томон ҳаракатлангани боис, энди у Альяскадан ҳам кўриняпти. Қора тутун Канада ва ҳатто, Американинг Ванкувер ва Сиэтл шаҳарлари соҳилларига ҳам етиб борган.
Товуқ, қуён ва балиқ яна қайсилари?
2019 йил 1 июндан бошлаб экспортёрлар тирик ва сўйиб тайёрланган товуқ, қуён ва балиқ маҳсулотларини алоҳида Ҳукумат рухсатисиз экспорт қилишига рухсат берилган.
Бу ҳақда Иқтисодиёт ва саноат ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари томонидан Ахборот ва коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун моҳиятига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Саудиялик аёлларга бирдан икки ҳуқуқ берилди
Саудия Арабистонида қатор қонунларга ўзгартириш киритилиши натижасида қироллик аёллари мустақил равишда чет элга чиқиш паспортлари олиши ва вояга етмаганларга васийлик қилиши мумкин бўлди.
Киракашлар ҳар бир буюртма учун солиққа тортилиши мумкин
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикасида такси транспорти фаолиятини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Қарорга мувофиқ киракашлардан ҳар бир буюртма учун ҳайдовчиси 4 фоиз солиққа тортилади.
Тошкентда 4 автомобилни дарахт босиб қолди
Пойтахт Тошкентда кўп йиллик чириган дарахтларнинг автомобиллар устига ағдарилиши билан боғлиқ ҳолатлар давом этмоқда. Ана шундай ҳодисалардан бири бугун, 2 август куни соат 14:30 да Тошкентнинг Миробод тумани, Афросиёб кўчасида қайд этилди.
Кўп йиллик дарахт автомобиллар тўхташ жойида турган тўрт машина – Captiva, иккита Cobalt ва Spark устига ағдарилди.
Ички ишлар ходими пиёданинг ўлимига сабабчи бўлди. Унга чора кўриладими?
Жорий йилнинг 20 июль куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида бир киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.
20 июль куни соат тахминан 22:30 ларда Бўстонлиқ тумани Қоронқул қишлоғи яқинида катта тезликда келаётган Lacetti Gentra пиёдани уриб кетган. 60 ёшларда бўлган пиёда воқеа жойида қурбон бўлган.
Чорвоқда чўккан иккинчи йигитнинг ҳам жасади топилди
Жорий йилнинг 24 июль куни Чорвоқ сув омборига чўккан йигитлардан яна бири 1996 йилда туғилган Анвар Илҳомовнинг жасади бугун, 2 август куни топилган. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан хабар қилинди.
Туробжон Жўраев ва унинг ҳамтовоқларига ҳукм ўқилди
Бугун, 2 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг ёпиқ суд мажлисида собиқ ҳоким Туробжон Жўраев ва унинг жиноий шерикларига нисбатан суд ҳукми ўқилди.
“Жиноий гуруҳ раҳбари” дея кўрсатилган Туробжон Жўраев Самарқанд шаҳрида кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун пудратчилардан жами 2 140 000 АҚШ доллари миқдорида пора олганлиги аниқланиб, ЖКнинг 205 (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан чиқиш) ва 210 (Пора олиш) моддалари билан айбдор деб топилган ва 13 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
LiveБарчаси