ДХМлар яна стикер берадими?
Жамият
−
10 Июль 2020
11487Маълумки, Ўзбекистон Республикасига коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини қайта тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси қарори билан бугун, 10 июлдан карантин чоралари кучайтирилиб, транспорт ҳаракатланиши вақтинча чекланди.
Давлат хизматлари агентлигининг маълум қилишича, шундан сўнг, ташкилотнинг ижтимоий саҳифалари ва Telegram-ботига машиналарга стикер бериш билан боғлиқ саволлар келиб тушиб, аҳоли ўртасида турли англашилмовчиликларга сабаб бўла бошлаган. Шу сабабдан ДХА фуқароларга стикер берилмаслиги бўйича мурожаат йўллади.
“Махсус комиссия баёнига кўра, жорий йилнинг 9 апрелидан бошлаб Давлат хизматлари марказлари орқали ҳаракатланиш учун рухсатномалар берилиши тўхтатилган.
Бугунги кунда ДХАга Давлат хизматлари марказлари орқали стикер бериш ҳақида ҳеч қандай топшириқ белгилангани йўқ”, дея таъкидланган ДХА мурожаатида.
Аммо Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 9 июлдаги Ахборотига кўра, автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун Адлия вазирлиги Давлат хизматлари марказлари томонидан илгари берилган махсус рухсатнома (стикер)лар карантин чекловлари амал қилиш даврида қўлланилади.
Бироқ, бошқа стикери мавжуд бўлмаган машиналарга, фақатгина куннинг муайян вақтида (07:00 дан – 10:00 гача, 17:00 дан – 20:00 гача) тегишли ҳудуд доирасида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида) фуқароларнинг иш жойига бориб-келиши, дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш учун ҳаракатланишига рухсат берилади.
Ҳудудлар ўртасида автотранспорт воситалари қатнови тақиқланди (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи ташкилотларга тегишли хизмат ва шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракати бундан мустасно).
Мототранспорт (скутер) ҳамда велосипедда ҳаракатланишига фақатгина тиббий ниқобдан фойдаланган ҳолда ҳаётий зарур эҳтиёжлари – дори воситалари, озиқ-овқат ва биринчи галдаги маҳсулотларни харид қилиш, шифокор кўригига мурожаат этиш, шунингдек, иш жойига бориш ва келиш учун рухсат этилади.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15