Ўзбекистонда машиналарга “қизил”, “сариқ” ва “яшил” экологик стикерлар ёпиштирилади
Жамият
−
05 Март
21819Ўзбекистонда эндиликда автомобиллардан чиқаётган зарарли моддалар миқдори текширилади ва экологик текширув натижасидан келиб чиқиб RFID чип ўрнатилган “қизил”, “сариқ” ёки “яшил” ёрлиқ (стикер) машинанинг олд ойнасига ёпиштирилади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Бугун, 5 март куни Президент Шавкат Мирзиёев экологик вазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишган. У автотранспорт воситаларининг зарарли ташланмалари билан боғлиқ экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳри Миробод тумани Файзобод маҳалласида жойлашган янги услубда ишловчи замонавий диагностика марказига бориб, марказ фаолияти билан танишди.
Қайд этилишича, мазкур марказ фаолиятини ташкил этишда Германия, Бельгия, Франция каби ривожланган мамлакатлар шаҳарларининг экологик муҳитини муҳофаза қилиш соҳасидаги илғор тажриба инобатга олинган. Бу ерда транспорт воситаларига давлат рақам белгиси бириктириш ва қайд этиш гувоҳномасини топшириш жараёни турли бюрократик тўсиқлар ва оворагарчиликдан холи қилинган, инсон омили минимал даражага туширилган. Аввал автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш жараёни олти-етти босқичда амалга оширилган бўлса, ҳозирда босқичлар сони учтага қисқарган.
Шунингдек, марказда автомобилдан чиқаётган зарарли моддалар миқдори текширилади ва экологик текширув натижасидан келиб чиқиб RFID чип ўрнатилган “қизил”, “сариқ” ёки “яшил” ёрлиқ (стикер) машинанинг олд ойнасига ёпиштирилади.
“Келгусида жорий экологик вазиятдан келиб чиқиб, шаҳар ҳудуди бир нечта экологик зоналарга ажратилади ва транспорт воситаларининг ҳавога чиқараётган зарарли моддалари даражасига кўра, яъни стикер рангига қараб, айрим экологик зоналарга киришни босқичма-босқич чеклаш таклиф этилмоқда. Бунда экологик зоналарга рухсат этилмаган транспорт воситаларининг кириши автоматлаштирилган ҳолда назорат қилинади. Қоидабузарлик натижасида келиб тушаётган жарималар ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади”, дейилади хабарда.
Тизим тўлақонли ишлаши учун мамлакат бўйлаб 100 га яқин ҳавони мониторинг қилиш автоматик станциялари ўрнатилиши, транспорт воситаларининг атмосферага чиқараётган зарари даражасини баҳолаш учун 84 та рўйхатга олиш-диагностика марказларини, шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг 216 та ҳудудий туман бўлинмаларини замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозлаш режалаштирилмоқда.
Билдирилишича, аҳоли учун электромобилларни харид қилишни рағбатлантириш, шу жумладан, бундай тоифадаги автомобиллар учун давлат рақамларини беришда ундириладиган тўлов миқдорларини камайтириш юзасидан аниқ амалий чоралар кўрилади.
LiveБарчаси