ДХХ кубоги: мусобақанинг энг кучлилари аниқланди (фоторепортаж)
Спорт
−
14:31 1378 3 дақиқа
Жорий йилнинг 22 август куни Тошкент шаҳридаги “Жар” стадионида Давлат хавфсизлик хизмати кубогининг финал ўйини бўлиб ўтди. QALAMPIR.UZ футбол бўйича финал учрашувидан фоторепортаж тайёрлади.



Туман ва шаҳар босқичларидан бошланган мусобақалар апрель-май ойларида, вилоят босқичлари эса июнь-июль ойларида ўтказилиб, жами 262 минг нафардан ортиқ ёшни қамраб олди. Ҳудудларида энг яхши натижа қайд этган 42 та жамоа эса 17-22 август кунлари пойтахтдаги “Бунёдкор” футбол академияси майдонларида Республика босқичида куч синашди.



Мусобақа давомида ёш футболчилар нафақат спорт маҳорати, балки матонат, жамоавийлик ва ғалабага бўлган ишончини ҳам намоён этди. Ҳар бир беллашувда иштирокчилар ўз маҳалласи ва ҳудуди шарафини муносиб ҳимоя қилиш учун бор кучини ишга солди.



Айниқса, ўғил болалар ўртасидаги футбол баҳслари муросасиз ва кескин кечди. Унда Тошкент шаҳри жамоаси 3-ўринни эгаллади. Финал йўлланмаси учун кечган ҳал қилувчи баҳсларда эса Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани “Оқовул” МФЙ жамоаси Бухоро вилояти Пешку тумани “Қорақалпоқ” МФЙ жамоасига қарши майдонга тушди. Ҳар икки жамоа ҳам ғалаба учун бор имкониятини ишга солган учрашув якунида “Оқовул” МФЙ жамоаси 0:1 ҳисобида зафар қучиб, мусобақанинг бош совринини қўлга киритди.


Мини-футбол баҳсларида эса Қашқадарё вилояти жамоаси чемпионликни қўлга киритди. Тошкент шаҳри жамоаси кумуш, Наманган вилояти вакиллари эса бронза медаллари билан тақдирланди.




Қизлар ўртасидаги мини-футбол мусобақасида Тошкент вилояти жамоаси биринчи ўринни эгаллаган бўлса, Самарқанд вилояти иккинчи, Тошкент шаҳри жамоаси учинчи ўринни қўлга киритди.



Ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, мусобақада юқори натижа кўрсатган жамоалар ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Жумладан, ўғил болалар ўртасида ғолиб бўлган жамоа маҳалласида замонавий мини-футбол майдони, иккинчи ўрин соҳиблари ҳудудида универсал спорт майдони, учинчи ўринни эгаллаганлар маҳалласида эса стритбол майдони барпо этиладиган бўлди.

Мини-футбол бўйича ғолиблар қуйидагича:
Қизлар ўртасида:
- Тошкент вилояти – 1-ўрин;
- Самарқанд вилояти –2-ўрин;
- Тошкент шаҳри — 3-ўрин.
Ўғил болалар ўртасида:
- Қашқадарё вилояти –1-ўрин;
- Тошкент шаҳри –2-ўрин;
- Наманган вилояти – 3-ўрин.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Давлат хавфсизлик хизмати кубоги мусобақаларининг футбол бўйича финал баҳсида Сирдарё вилоятининг “Жомий” маҳалласи ёшлари Қашқадарё вилоятининг “Қоратепа” маҳалласи жамоасини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақа ғолибига айланган эди. Учинчи ўрин учун кечган баҳсда эса Тошкент шаҳри жамоаси Фарғона вилояти вакилларидан устун келган.
Live
Барчаси