Олий Мажлис Дилнозахон Каттахоновани катта лавозимга тасдиқлади

Жамият

image

Бугун, 10 июль куни Дилнозахон Каттахонова Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти тегишли фармонни имзолади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига Дилнозахон Каттаханованинг номзодини кўриб чиққан ва маъқуллаган.

Шундан сўнг, Президент фармони билан Дилнозахон Собир қизи Каттахонова Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига тайинланган ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилган.

Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлар лавозимга тайинланишидан аввал уларнинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан кўриб чиқилади.

Маълумот учун, 1991 йил 2 июлда Қўқон шаҳрида таваллуд топган Дилнозахон Каттахонова 2014 йилда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг бакалавриатини битирган. 2016-2017 йилларда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Халқаро алоқаларни ривожлантириш ва нодавлат-нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш бўлими бош мутахассиси лавозимида ишлаган.

Дилнозахон Каттахонова 2017 йил 5 июлда Ёшлар масалалари бўйича Республика кенгаши йиғилишида Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Марказий Кенгаши раисининг ўринбосари этиб сайланган. Шунингдек, 2018 йилдан ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг мустақил тадқиқотчиси ҳисобланади.

2020 йил 10 июль куни янги ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлигининг директор ўринбосари этиб тайинланган Каттахонова 2023 йил 20 декабрь кунидан бошлаб Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Баҳриддиновна Маҳкамова лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг