Депутат 65 боланинг ўлими бўйича ССВ раҳбарияти жавобгарликка тортилмаганига эътироз билдирди
Жамият
−
15 Ноябрь 2023
11860“Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиши оқибатида 65 нафар боланинг вафот этиши бўйича Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш тизими раҳбарияти, соҳага бош бўлганлар жавобгарликка тортилмади. Вазирлик раҳбарияти ушбу ҳолат бўйича сиёсий жавобгарликни ўз бўйнига олгани йўқ. Қолаверса, ССВ раҳбариятига нисбатан ҳеч қандай қонуний жавобгарлик ҳам белгиланмади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев кеча, 14 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда гапирди.
Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов вазирликнинг жорий йил январь – сентябрь ойларидаги фаолияти бўйича ҳисобот тақдим этди. Ҳисоботдан сўнг депутат Дониёр Ғаниев вазир ва депутатларга ўтган йил охири ва жорий йил бошида “Док-1 Макс” сиропидан 65 нафар бола вафот этгани, вазирлик керакли чораларни кўрмагани, болалар доридан заҳарланаётганини хабар қилган шифокор эса сазойи қилинганини эслатди. У вазир Иноятовга юзланиб шундай деди:
“Ўзбекистонда тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор, ажратилаётган маблағларга қарамай, тизимдаги ўта қўпол камчиликлар туфайли ўнлаб болаларнинг ҳаётига зомин бўладиган ҳолатларнинг гувоҳ бўлдик. Тизимдаги коррупциянинг, бир дорининг тегишли тартибда сертификатланмаслиги оқибатида 65 нафар боланинг ота-онаси фарзандларидан жудо бўлди.
Бугун бу жиноятга шерик бўлганларнинг ҳар бири қонун олдида жавоб беряпти. Буни олқишлаймиз. Мен суддаги ота-оналарнинг ғамини, улардаги қайғуни кўриб, ўзим ҳам йиғладим. Чунки мени ҳам икки нафар фарзандим ўша ёшда ва улардан бири менинг болам бўлиши мумкин эди. Виждоним қийналяптики, биз ҳам депутат сифатида назоратни тўғри қилмай, эътиборни бошқа томонга қаратганимиз учун тизимдаги мана шундай қўпол хатолар туфайли 65 нафар бола бугун орамизда йўқ.
Ва энг ачинарлиси, тизимдаги ходимларнинг кўрсатмаларидан маълум бўляптики, тизимда маълумотни етказиш, пастдан тепага бўлаётган воқеаларни етказмаслик оқибатида кўплаб болаларни сақлаб қолишнинг имкони бой берилган. Минг афсуски, ҳалигача вазирлик томонидан бу ишлар учун сиёсий жавобгарлик тан олингани йўқ. Жиноий жавобгарликка тортилаётганлар ўз йўлига, лекин сиёсий жавобгарлик, масъулият нуқтайи назаридан ҳалигача тегишли юқори мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарликни кўрмаяпмиз. Биз учун Соғлиқни сақлаш [вазирлиги]нинг биринчи раҳбари жавобгар. Тўғри, сиз (Амрилло Иноятовга юзланиб – таҳр.) у вақтда вазир эмасдингиз, мен сизни айбламоқчи эмасман. Лекин янги вазир сифатида бўлиб ўтган ишдан қандай хулоса чиқардингиз? Мана шундай қўпол хато қайта такрорланмаслигига ваъда бера оласизларми? Пастда мана шундай хато бўлса, уни юқорига етказмоқчи бўлган тиббиёт ходимини жазоламаслигига ва ўша маълумот ўз вақтида сизнинг столингизга етиб келиб, ўз вақтида чора кўриб, бошқа оилаларнинг фарзандлари ҳаётини сақлаб қолишга, ҳамма чораларни кўришга ваъда берасизларми? Хулоса чиқардингизми ёки сиёсий жавобгарликсиз бундай ҳолатлар давом этаверадими?”
“Док-1 Макс” воқеаси авжига чиққан вақтда Соғлиқни сақлаш вазири лавозимида Беҳзод Мусаев фаолият юритиб келаётган эди. Унинг биринчи ўринбосари курсисини эса ҳозирда вазирликни бажараётган Амрилло Иноятов эгаллаганди. Иноятов депутат Ғаниевнинг “Док-1 Макс” сиропи билан боғлиқ саволига узоқ куттирмай жавоб бериб, гапни ўша вақтда вазир эмас, балки вазирнинг биринчи ўринбосари бўлгани, болаларнинг заҳарланаётганини эса кеч эшитганини айтишдан бошлади.
“Айтган эътирозларингизни 100 фоиз қабул қиламиз. Ҳеч қандай баҳона қилишга асосимиз йўқ. Тизимнинг раҳбари сифатида халқимиз, ҳурматли президентимиз ишониб шу тизимга бош қилиб қўйганлари мен учун катта масъулият ва мажбурият юклайди.
Мен ўша пайтда биринчи ўринбосар бўлганман. Биринчи ўринбосар бўла туриб мен хабарни кеч эшитганман. Буни очиқ тан олиб айтаман. 24-25 декабрь кунлари эшитиб, дарҳол бу масала билан шуғулланганман ва айниқса, Янги йилнинг биринчи 10 кунлигида 17 минг ҳамширамиз, тиббий бригадаларимизни уйма-уйга юргизиб, ўша препаратларни йиғиб олдик. Ҳурматли президентимизга раҳмат, уларни топшириқлари билан прокуратура, ички ишлар, солиқ органларини жалб қилиб, 18 мингта дорихонани тўлиқ инвентаризациядан ўтказиб, ҳамма дори йиғиштириб олинди. Жараённи биттада тўхтатдик.
Иккинчидан, шахсан мен ва вазиримиз 24-25 декабрда хабар олган бўлсак, 100 нафарга яқин болаларни Болалар миллий марказига ва Республика тез тиббий ёрдам марказига олиб бориб, уларни [даволаш] ёндашувини ўзгартирдик.
Бир нарсани тан олиб айтиш керак, яна юз нафарга яқин болаларнинг ҳаётини асраб қолдик, уларни ҳам йўқотишимиз мумкин эди. Дониёр Авазович, жуда ҳам тўғри масалани кўтардингиз. Бемор болалар ўткир буйрак етишмовчилиги билан асосан вирус, яъни грипп касаллиги ва ўткир ичак касаллиги асорати сифатида келади.
Ва бизга Самарқанддаги бош шифокор бу масалани кўтариб, препаратдан экани етиб келгунга қадар шифокорларимиз юқоридагига мос клиник протокол асосида уларни даволаб келган. Бизнинг шифокорларимиз заҳарланиш айнан препаратдан эканини билмаган. Агар билганида, ёндашув умуман бошқача бўлиб, ҳар бирининг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди.
Бизда ҳамма статистика бор, 1 январдан бошлаб битта ҳам бундай ўлим йўқ. Чунки ўткир ичак касаллигидан кейин ёки вирусдан кейин келиб чиқадиган ўткир буйрак етишмовчилигини даволаш имкониятимиз бор. Бунинг учун етарлича тажрибамиз ҳам бор. Мана шу ҳолат бўйича биз жуда қаттиқ хулоса қилганмиз.
Шахсан мен ҳам вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида кеч эшитганман, бу менинг ҳам катта хатоим бўлади”, дейди Амрилло Иноятов.
"Док-1 Макс" иши
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропи Ўзбекистонда 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани хабар қилинганди. Шундан сўнг, вазирлик бу воқеа ҳақида ҳеч қандай баёнот бермади. Жорий йилнинг август ойига келиб, Олий суд матбуот хизмати “Док-1 Макс” сиропидан заҳарланиш оқибатида вафот этган болалар ССВ айтганидек 20 нафар эмас, балки 65 нафар эканини билдирди.
Marion Biotech фармацевтика компанияси эса дори воситалари ишлаб чиқаришда саноат даражасида ишлатиладиган заҳарли моддадан фойдалангани маълум бўлди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.
Тасдиқланган айблов хулосасига кўра содир этилган жиноятларда умумий ҳисобда 21 киши айбланмоқда. Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига “қамоққа олиш”, 12 тасига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” ва 2 тасига “гаров” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Уларга нисбатан Жиноят кодексининг жами 11 моддасида назарда тутилган айбловлар қўйилган. Булар:
1. 184-модда – солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш;
2. 28-модда – жиноят иштирокчиларининг турлари;
3. 186-3-модда – Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш;
4. 25-модда – жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш;
5. 205-модда – ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш;
6. 207-модда – мансабга совуққонлик билан қараш;
7. 209-модда – мансаб сохтакорлиги;
8. 210-модда –пора олиш;
9. 211-модда – пора бериш;
10. 212-модда – пора олиш-беришда воситачилик қилиш;
11. 228-модда – ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш.
LiveБарчаси