Давлат одамларга миллиардлаб пул тўлаяпти. Буни биласизми?
Интервью
−
03 Июнь 2022
13346Жорий йилнинг январь, февраль, март, апрель ойларида фуқароларга умумий 154,5 млрд сўм маблағ тўлаб берилди. Хўш, нима учун дейсизми? Президент қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб чакана савдо, умумий овқатланиш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш объектларида харидни амалга ошириб, харид чекини мобил иловада рўйхатдан ўтказган жисмоний шахсларга ой якуни билан харид суммасининг 1 фоизи қайтарилиши белгиланган.
Қайд этиш керакки, харид суммасининг 1 фоизини қайтариб олиш имконини берадиган чекда онлайн QR-код ва сиз сотиб олган маҳсулотларингизнинг рўйхати бўлиши керак. Сиз ушбу чек орқали солиқ иловасида харидингиз учун кешбэк олишингиз мумкин бўлади. Аммо, ҳамон супермаркет тармоқлари ва дўконларда QR-кодли чек берилаётгани ва бу харид чеки орқали солиқ иловасидан кешбэк олиш имконияти мавжудлигидан бехабар фуқаролар талайгина. Қолаверса, билса ёлғон, билмаса чин қабилида иш тутиб, харидорларга чек бермай келаётган, харидларни солиқ органларидан яшираётган ёки харидлар учун кешбэк олиш мумкин бўлган чекларни ўзлаштираётган дўконлар ҳам талайгина.
Ҳаттоки, харидорлар чеки билан 16,5 млн сўм кешбэк тўплаган “уддабурон кассир” ҳам аниқланди. Маълумотларга кўра, кассир апрель ойида 443 та 1,8 млрд сўмлик чекларни рўйхатдан ўтказиб 18 183 656 сўм кешбэк тўплаган. Ўрганиш натижасида, ушбу фуқаро “АА” корхонасида кассир лавозимида ишлаши маълум бўлган ва рўйхатдан ўтказилган чеклар шубҳали бўлгани сабабли ҳисобланган 16 485 000 сўмлик кешбэк суммалари бекор қилинган.
Хўш, супермаркет тармоқлари ва дўконларда QR-кодли чек берилаётганидан хабарингиз борми? Сиз харидни амалга оширганингизда QR-кодли чек беришяптими? Беришмаса, сўрадингизми? Илова орқали кешбэк олишни биласизми? QALAMPIR.UZ ушбу саволлар билан аҳолига юзланди.
Респондентларнинг баъзилари “Ҳа, бу чек ҳақида биламанн, ундан фойдаланиб кешбэк оляпман”, деса, баъзилари сотувчиларнинг QR-кодли чек бермаётганидан норози. Айрим фуқароларнинг эса Солиқ иловасидан мутлақо хабари йўқ. Сўровнома давомида фуқароларга харид учун умуман чек бермаган сотувчиларни ҳам, савдо ходимлари чек берганида, олишни истамаган одамларни ҳам кўрдик.
Сўровномани юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTubeʼдаги каналида томоша қилишингиз мумкин.
Маълумот учун, Солиқ кодексининг 221 -оддасига кўра, назорат-касса техникасини қўлламасдан савдони амалга оширганлик ва хизматлар кўрсатганлик, харидорга чекларни ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бермасдан товарларни реализация қилганлик ва хизматлар кўрсатганлик беш миллион сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Шуни ҳам айтиш жоизки, қуйидаги чекларга кешбэк қайтарилмайди.
• шубҳали харидорлар реестрига киритилган жисмоний шахслар чеклари учун;
•аввал рўйхатдан ўтказилган ёки сотиб олинган товарлар (хизматлар) қийматининг бир қисми қайтарилган чеклар учун;
• чек берилганига 10 кундан ортиқ вақт ўтган бўлса;
• сотиб олинган товар (хизмат)лар чеки учун аввал кешбэк ҳисобланган бўлса;
•автомобиль, ҳаво ва темир йўл чипталарини сотиб олиш натижасида олинган, шунингдек, алоқа ва коммунал хизматлар учун амалга оширилган тўлов чеклари учун.
LiveБарчаси