COVID-19 “муаллифи” бўлган Хитой Раиси Назарбоевга саломатлик тилади

Олам 5619
image

Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоевнинг янги турдаги коронавирус COVID-19 инфекциясига чалингани ҳақида хабар берган эдик. Айни вақтда кўплаб давлат раҳбарларидан Назарбоевга сиҳат-саломатлик тилаб номалар келмоқда. COVID-19 нинг “муаллифи” бўлгани Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ҳам Элбошига мактуб йўллади. 

"Коронавирус инфекцияси бошлангандан бери Хитой ва Қозоғистон эпидемияга қарши самарали ҳамкорлик қилмоқда. Бу Хитой-Қозоқ муносабатларининг абадий кенг қамровли стратегик шериклигининг юқори даражаси ва алоҳида хусусиятини намоён этади, шунингдек, халқаро ҳамжамият кўз ўнгида пандемияга қарши биргаликда курашишнинг ёрқин намунасидир. 

Ишончим комилки, эпидемия енгилади ва икки томонлама муносабатлар янги, янада самарали руҳда ривожланади. 

Сиз билан ўрнатилган шахсий дўстлик учун жуда миннатдорман ва чин дилдан тезроқ соғайиб кетишингизни тилайман”, деб ёзади ХХР Раиси. 

Шунингдек, Назарбоев Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон билан телефонда мулоқот қилди. Раҳмон ушбу хабарни ташвиш билан қабул қилганини билдириб, Назарбоевга тезроқ оёққа туришини тилаган. 

Шу жумладан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳам Назарбоевга қўнғироқ қилиб, унинг ҳолидан хабар олган. Путин Элбоши бу касалликни енгишига ишонч билдириб, уни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини қайд этган. Назарбоев эса Путинни келгуси ҳафта Москвада Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабанинг 75 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган парад билан табриклаган. 

Элбоши маъмурияти айни вақтда Назарбоевда коронавирус аломатларсиз кечаётганини, унинг аҳволи яхшилиги ва шифокорларнинг доимий назоратида эканини билдирди

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбой Жээнбеков Назарбоевга сиҳат-саломатлик тилаб, мактуб йўллашган эди. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 107
Рейтинг: 2.9
t
×