CONMEBOL ва Колумбия ФФ зилзиладан жабрланганларга 1 млн доллар ажратди
Спорт
−
10:19 160 2 дақиқа
Жанубий Америка футбол конфедерацияси (CONMEBOL) ва Колумбия футбол федерацияси (КФФ) мамлакатдаги кучли зилзиладан жабрланганларга 1 миллион доллар миқдорида хайрия қилди. Бу ҳақда КФФ матбуот хизмати хабар берди.
Аввалроқ, жорий йилнинг 10 август куни Колумбиянинг ғарбий қисмида 7,4 магнитудали зилзила содир бўлган эди. Фожиа оқибатида юзлаб инсонлар ҳалок бўлган, минглаб киши жароҳатланган ва юзлаб одамлар бедарак йўқолган.
“Бундай қийин пайтларда футбол оиласи четда қололмайди. Улар бирдам бўлиб, минтақада ушбу спорт турига хос бўлган ижтимоий масъулиятни намоён этиши керак. Шу сабабли, ҳар икки ташкилот ҳам ушбу оғир даврда Колумбия халқига ёрдам қўлини чўзиш учун бирлашмоқда”, дейилади ташкилотлар баёнотида.
Молиявий ёрдам Колумбия биринчи хоними Ана Люсия Пинеда бошчилигидаги “Колумбия, бир юрак” хайрия кампанияси орқали йўналтирилади.
Колумбия футбол федерацияси халқаро спорт ҳамжамияти, клублар, ҳамкорлар ва мухлисларни мамлакатдаги фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишга қаратилган маблағ йиғиш ва ёрдам ташаббусларини қўллаб-қувватлашда давом этишга чақирди.
Зилзиладан кейин CONMEBOL Колумбияда ўтказилиши керак бўлган бир қатор халқаро учрашувларни ҳам хавфсизлик ва қурбонларга ҳурмат юзасидан қолдиришини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Колумбиянинг ғарбий қисмида содир бўлган кучли зилзила ва унинг оқибатида юзага келган вайронагарчиликлар сабаб мамлакат футбол чемпионати вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди.