Колумбиядаги кучли зилзила сабаб футбол чемпионати тўхтатилди
Спорт
−
14:55 477 1 дақиқа
Кеча, 10 август куни Колумбиянинг ғарбий қисмида содир бўлган кучли зилзила ва унинг оқибатида юзага келган вайронагарчиликлар сабаб мамлакат футбол чемпионати вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда ESPN нашри хабар берди.
“Колумбия чемпионати раҳбарияти мамлакат шаҳарлари ва ҳудудларидаги вазиятни баҳолаганидан сўнг, шу ҳафта чемпионат доирасидаги барча тадбирларни тўхтатишга қарор қилди. Бу қарор, аввало, Колумбия ва айни пайтда қийинчиликларга дуч келаётган барча инсонларга бўлган садоқатимиздан келиб чиқади.
Бундай шароитда футбол мамлакатга хизмат қилиши ва ёрдамга энг муҳтож бўлган инсонларни қўллаб-қувватлаши керак, деб ҳисоблаймиз. Барча 36 та клуб ўз кучларини жабрланган жамоаларга ёрдам бериш ва тикланиш ишларига йўналтиради ҳамда фавқулодда вазиятда мамлакатни қўллаб-қувватлаш учун мавжуд имконият ва ресурсларини тақдим этади. Футбол бугун кутиши мумкин. Колумбия эса бизга муҳтож”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Колумбия Геологик хизмати Чоко департаментидаги Сан-Хосе-дель-Палмар шаҳри яқинида 7,4 магнитудали зилзила содир бўлганини маълум қилган эди.
Колумбия Президенти Абелардо де ла Эсприелланинг маълум қилишича, табиий офат оқибатида қурбонлар сони 111 нафарга етган. Энг катта зарар Перейра ва Манисалес шаҳарларида қайд этилган. Зилзила қўшни мамлакатларда, жумладан Панамада ҳам сезилган.
Live
Барчаси