Колумбия даҳшати: мамлакатдаги зилзила қурбонлари 132 кишига етди (видео)
World
−
10:57 1569 3 minutes
Кеча, 10 август куни Колумбиянинг ғарбий қисмида содир бўлган кучли зилзила оқибатида 100 дан ортиқ киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Колумбия Президенти Абелардо Де Ла Эсприэлла халққа мурожаат қилиб, мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилинганини билдирган. У қурбонлар сони 111 нафарга етганини айтиб, ҳукуматнинг барча имкониятлари инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш, жабрланган аҳолига ёрдам бериш ва зарур ҳудудларга ёрдам етказиш учун сафарбар этилганини айтган.
“Биринчи навбатдаги вазифа – вайроналар остида қолган одамларни қутқариш”, деган мамлакат Президенти.
Де Ла Эсприэлла Тинч океани соҳилидаги Чоко провинцияси пойтахти Кибдо шаҳрига бориб, уй-жойидан айрилган фуқароларга ижара субсидиялари берилишини ваъда қилган. Шундан сўнг у Колумбиянинг ғарбий қисмидаги энг йирик шаҳар – Калига йўл олган.
Президент 10 август куни кечқурун мамлакат бўйича қурбонлар сонини янгилаши кутилган эди. Бироқ у фақат Кали жойлашган Валье-дель-Каука провинцияси бўйича маълумот берган. Унинг айтишича, ушбу ҳудудда 35 киши ҳалок бўлган, 700 киши жароҳатланган. Айрим маҳаллий ОАВлар мамлакат бўйича қурбонлар сонини 132 киши деб хабар қилган, бироқ бу рақам қаердан олингани номаълум.
АҚШ Геологик хизматининг маълумотига кўра, 7,4 магнитудали зилзила 107 километр чуқурликда юз берган. Колумбия Геологик хизмати эса бу мамлакатда XXI асрда қайд этилган энг кучли зилзила эканини маълум қилган.
Тунда ҳам қутқарувчилар ва кўнгиллилар вайроналар остида қолган одамларни излашда давом этган. Кали, Арманья ва Манисалес шаҳарларида комендантлик соати жорий қилинган. Кали мэри талон-торож хавфи сабабли кўчаларга полиция ва ҳарбийлар жалб қилинганини билдирган. Президент шаҳарга қўшимча 1 000 нафар хавфсизлик ходими юборилишини ваъда қилган.
Кали ҳукумати Тинч океани мусиқасига бағишланган Петронио Альварес фестивалини ҳам қолдирган. Фестиваль эртага, 12 август куни бошланиши керак эди.
Зилзила кучли сезилган Перейра шаҳрида ёш бола новвойхона вайроналари остида қолган. Манисалесда эса машҳур неоготик соборнинг ён минораларидан бири қулаб тушган. Қутқарувчилар, полиция ва кўнгиллилар вайроналарни қўлда тозалаб, тирик қолганларни изламоқда. Кали шаҳрида ўт ўчирувчилар қулаган бинодан 2 нафар аёл ва 2 нафар болани қутқарган.
Колумбия фуқаро авиацияси идораси Перейра, Манисалес, Кибдо, Арманья, Картаго ва Буэнавентура аэропортларида фаолиятни вақтинча тўхтатган. Муҳандислар иншоотларнинг хавфсизлигини текширмоқда.
Колумбия Тинч океани “Олов ҳалқаси” ҳудудида жойлашган бўлиб, мамлакатда ҳар ой минглаб, асосан кучсиз зилзилалар қайд этилади.
Northwestern University сейсмологи Сюзан ван дер Ли зилзиланинг кучли магнитудаси, қуруқлик ичкарисида юз бергани ва силжиш типидаги тектоник ҳаракат аҳоли зич жойлашган ҳудудларда вайронагарчиликни кучайтирган бўлиши мумкинлигини айтган.
Колумбия Геологик хизмати 10 август куни кечгача 21 та такрорий силкиниш қайд этилганини маълум қилиб, яна зилзилалар содир бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венесуэлада кетма-кет содир бўлган 7,2 ва 7,5 магнитудали зилзилалар оқибатида юзлаб бинолар вайрон бўлиб, 6 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган эди.
Live
All