Cобиқ биринчи хоним шифохонадан чиқарилди
Олам
−
09 Февраль 7222 2 дақиқа
Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг рафиқаси Сара Назарбоева жорий йилнинг январь ойида “Совминка” номи билан танилган Олмаотадаги Президент ишлари бошқармаси тиббиёт марказига қарашли Миллий госпиталдан чиқарилди. Бу ҳақда “Информбуро” хабар берди.
Биринчи президент матбуот котиби Айдос Уқибайнинг хабар беришича, Сара Назарбоева 2025 йил апрель ойида “Совминка” шифохонасига ётқизилган. Ўша даврда норасмий манбалар ва оммавий ахборот воситаларида биринчи президент рафиқасининг соғлиғи ва қаерда эканига оид турли хабарлар тарқалган. Клиника матбуот хизмати унинг ташхиси ва соғлиғи ҳолатини ошкор қилишдан бош тортган.
“Бемор госпиталда даволаниб, январь ойида амбулатор даволанишга чиқарилди. Соғлиғининг ҳолати, ташхис, даволаш усуллари ва натижалари ҳақидаги бошқа барча маълумотлар “Аҳоли саломатлиги тўғрисида”ги кодекснинг 273-моддасига мувофиқ шифокорлик сири ҳисобланади ва ошкор этилмайди”, дейилади “Совминка” шифохонаси очиқламасида.
Шу тариқа, 84 ёшли собиқ давлат раҳбарининг рафиқаси шифохонада жами 10 ой давомида даволанган.
Маълумот учун, Сара Назарбоева 1941 йил 12 февралда туғилган. У 1991–2019 йиллар давомида Қозоғистоннинг биринчи хоними бўлган. У ижтимоий фаолияти билан танилган – “Бўбек” фонди асосчиси, болалар ҳуқуқлари, етимлар ва ўзини англаш дастурлари йўналишида фаол ишлаган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг май ойида 85 ёшли Сара Назарбоева вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ўша куни Айдос Укибай бу маълумотни рад этиб, у даволанаётганини билдирган. Шунингдек, Сара Назарбоеванинг вафоти ҳақидаги ўхшаш миш-мишлар 2024 йил охирида ҳам тарқалган, ўшанда ҳам биринчи президент матбуот котиби бу хабарларни расман инкор этган.
Эъзоза Олимова