Қозоғистонлик блогер “Чорсу” бозорида сифатсиз жигар сотилаётганини фош қилди
Жамият
−
16 Январь
8591Қозоғистонлик блогер “Чорсу” бозорида сифатсиз жигар маҳсулоти сотилаётганини танқид қилиб, видеони ижтимоий тармоққа жойлаганди. Мазкур ҳолат юзасидан Санитария-эпидемиология қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, “Чорсу” деҳқон бозорида ҳам доимий фаолият юритувчи лабораториялар мавжуд бўлиб, бу ерда гўшт маҳсулотларининг ветеринария-санитария экспертизаси амалга оширилади.
Шайхонтоҳур туман бўлими мутахассислари, ИИБ ва бозор маъмурияти билан ўрганиш давомида фуқароларга ажратилган йўлакда санитария қоидаларига зид равишда, ҳеч қандай ҳужжатсиз гўшт маҳсулоти (жигар) сотилаётгани маълум бўлган.
“Шу сабабли 9 кг жигар маҳсулоти савдодан олиниб, ўрнатилган тартибда йўқ қилиш чоралари кўрилди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ёзда Қўйлиқдаги “овқат бозори”да ўтказилган тадбирда бозорда жойлашган овқат сотиш шохобчасида санитария қоидалари қўпол равишда бузилаётгани, бир неча маротаба огоҳлантиришлар ва тарғибот ишлари ўтказилишига қарамасдан объектда ҳолат ўзгаришсиз қолгани сабабли “овқат бозори” нинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилганди.