Чироқчида тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси калтакланди
Жамият
−
13 Декабрь 2023
7437Қашқадарё вилояти Чироқчи туманида тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиси калтакланди. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабар берди.
Унга кўра, 12 декабрь куни соат 17:10 да туман "Тез тиббий ёрдам" бўлимига "Қаҳрамон" маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Хўжақўрғон қишлоғида яшовчи, 1962 йилда туғилган аёл томонидан қон босимининг ошиши шикояти билан чақириқ келиб тушган. "Тез тиббий ёрдам" бригадаси 8 километрлик масофага соат 17:24 да етиб борган.
Хонадонда беморнинг ўғли эканлиги айтилаётган шахс эса тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчиси билан жанжаллашиб, унинг юз қисмига жароҳат етказган.
Мазкур хонадонда келиб чиққан жанжалли вазиятга қарамай, тиббий гуруҳ аъзоси бўлган ҳамшира ўз бурчини бажариб, аввал беморга, сўнг ҳайдовчига биринчи ёрдам кўрсатган. Автомашинани чақириқдан ортига қайтариш учун эса бошқа ҳайдовчи чақиртиришга тўғри келган.
Шунингдек, ҳолат юзасидан ички ишлар идораларига хабар берилган.
Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси хабарида ҳайдовчи ва фуқаро ўртасидаги низога нима сабаб бўлганлигига аниқлик киритилмаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь