Чироқчи ИИБдан ўлиги чиққан фуқаро иши бўйича суд бошланди
3-саҳифа
−
08 Сентябрь 2020
10029Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида жорий йилнинг 23 январида фуқаро Ички ишлар биносида қийноққа солиниши натижасида вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳодиса бўйича икки киши ҳибсга олиниб, тергов ҳаракатлари бошланганди.
Бугун, 8 сентябрь куни, жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят суди биносида ушбу иш бўйича суд жараёни бўлиб ўтди. Унда судланувчилар:
• Н.Овлаев (1989 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, икки нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган),
• А. Жанқабилов (1985 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, уч нафар вояга етмаган фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган),
• Ш. Рахмонов (1978 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти - олий, оилали, уч нафар фарзанди бор, муқаддам судланмаган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган),
• А. Тожиноров (1994 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, муқаддам судланган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ профилактика инспектори лавозимида ишлаган),
• Б. Ғайратов (1995 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, муқаддам судланган, Чироқчи тумани ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили лавозимида ишлаган) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бошланди.
Ушбу жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси К. Толлибоев раислигида ҳамда судьялар Э. Эргашев ва Р. Орзиқуловдан иборат суд таркибида кўрилмоқда.
Судланувчилар:
Н. Овлаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш), 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 234-моддаси (қонунга хилоф равишда ушлаб туриш ёки ҳибсга олиш), 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайри инсоний ёки қадр-қимматини камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) ва 241-1-моддаси (жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) да;
А. Жанқабилов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 206-моддаси, 234-моддаси ва 235-моддасида;
Ш. Рахмонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 206-моддаси, 234-моддаси, 235-моддаси ва 241-1-моддасида;
А. Тожиноров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси, 206-моддаси, 234-моддаси ва 235-моддасида;
Б. Ғайратов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) ва 241-1-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.
Суд жараёни давом этмоқда.
Воқеалар ривожи қандай?
Жорий йилнинг 23 январь куни соат 01:50 да Чироқчи туманнинг Лангар қишлоғида содир этилган чорва моллари ўғриликларини фош этиш борасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ўғирликда гумон қилиниб Чироқчи тумани ИИО ФМБ биносига олиб келинган Ю.А вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан 23 январь куни Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 2 нафар ходимига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаркатлари олиб борилди.
Мазкур иш бўйича бошланган тергов жорий йилнинг 22 июнь куни ниҳоясига етган.
Очилган жиноят иши доирасида 5 кишига айблов эълон қилинган. Жумладан Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 4-сон ИИБ бошлиғи ЖКнинг 241, 206, 104, 234, 235-модалари билан айб эълон қилинган. У эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 4-сон ИИБ жиноят қидирув гуруҳининг тезкор вакилига ҳам ЖКнинг 241, 206, 104, 234, 235-модалари билан айб эълон қилинган ва қамоққа олинган.
Чироқчи тумани ИИО ФМБнинг 4-сон ИИБнинг икки нафар профилактика инспектори ва жиноят қидирув гуруҳининг тезкор вакилига ҳам юқоридаги моддалар билан айб эълон қилиниб, уларга гаров эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 30 июнь куни ўтган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар хусусида видеоселектор йиғилишида жорий йилнинг январь ойида Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ИИБ, май ойида Андижон шаҳар ИИБдаги терговлар натижасида икки кишининг вафот этишига эътибор қаратиб, масъулларни қаттиқ танқид қилганди.
“Биз сўнгги уч ярим йилда қийноқларга йўл қўймаслик бўйича жиддий ва ортга қайтмайдиган ислоҳотларни амалга оширдик. Лекин, Андижон шаҳар ва Чироқчи туман ички ишлар идораларида яқинда содир бўлган фожиали ҳолатлар тизим раҳбарларини уйғотиши, аниқ хулосалар қилишга чорлаши керак.
Ушбу фожиа оқибатида 2 нафар инсон ҳаётдан эрта кўз юмди. Уларнинг оилалари бу ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларидан эмас, давлатдан норози”, деган эди Мирзиёев.
Президент Қашқадарё ва Андижондаги жиноятларга алоқадор 11 нафар ички ишлар ходимлари қонун олдида жавоб бераётгани, 7 нафар раҳбар лавозимидан озод этилгани, яна 16 нафари интизомий жавобгарликка тортилганини маълум қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь