Чилонзорда яна дарахткушлик: 58 та дарахт кесиб ташланди
Жамият
−
08 Сентябрь 2022
11078Кеча, 7 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Чилонзор кўчасида дарахтларни ноқонуний кесилиши бўйича хабарлар тарқалди. Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси дарахткушлик бўйича расмий маълумот берди.
Қўмита олиб борган ўрганиш натижасида ушбу ҳудуд “DREAM HOUSE STROY” масъулияти чекланган жамиятига тегишли экани аниқланган. Қурилиш учун ажратилган мазкур ҳудуд жами 0,20 гектар ер майдонидан иборат бўлиб, жорий йилнинг 20 январида давлат экология инспекторлари томонидан ҳудуддаги дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилиб, ҳудудда жами 58 дона ҳар ҳил турдаги манзарали дарахтлар борлиги юзасидан далолатнома расмийлаштирилган.
Қайд этилишича, мазкур ҳужжат билан “DREAM HOUSE STROY” масъулияти чекланган жамияти ташкилотига дарахтларни кесмаслик ва дарахтларни сақлаб қолиш юзасидан қонунчиликда белгиланган тартибда огоҳлантириш берилган, шунингдек корхона вакиллари томонидан дарахтларга нисбатан ноқонуний ҳаракатларни амалга оширмаслик юзасидан 2022 йил 20 январда кафолат хати тақдим этилган.
2022 йил 17 февралида “DREAM HOUSE STROY” масъулияти чекланган жамияти томонидан ягона дарча хизмати маркази орқали ҳудуддаги дарахтларни кесиш юзасидан ариза билан мурожаат этилган. Тошкент шаҳар Экология бошқарма томонидан ариза атрофлича ўрганилиб, дарахтларниг кесилиши борасида рад жавоби берилган.
Махсус ишчи гуруҳ томонидан бугун тунда олиб борилган ўрганиш ишлари жараёнида “DREAM HOUSE STROY” масъулияти чекланган жамиятига тегишли ер майдонидаги жами 58 дона ҳар ҳил турдаги манзарали ва мевали дарахтлар илдиз қисмлари билан биргаликда йўқ қилингани аниқланган.
Дарахтларни муҳофаза қилиш ва сақлашга доир қонунчиликда белгиланган чораларни кўрмаганлиги натижасида ўсимлик дунёсига жами 797 700 000 сўм миқдорида зарар етказилган.
Шу тариқа, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг 37-моддаси талаблари бузилиб, Давлат экология инспекторларининг қонуний талабларини бажармагани учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1976-моддаси, Жиноят кодексининг 198-моддасига асосан жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентнинг Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида 7 дона эман дарахтининг томир қисмига шикаст етказилганди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси 3-қисми (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Дарахтларга зарар етиши ортидан туман ҳокими ва прокурори ишдан олинди.