Чилонзорда ўқувчини ким, нега пичоқлади?

3-саҳифа

Кеча, 21 февраль Тошкентда 11-синф ўқувчиси синфдошини пичоқлаб қўйди. 

Гап шундаки, пойтахт Тошкентнинг Чилонзор туманида жойлашган 162-сонли мактабда ўқиб, айни вақтда таълимни Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги мактабда давом эттираётган М.А. баҳолар табелини олиш мақсадида аввалги мактабига келган.

М.А. мактабда собиқ синфдошлари билан ўтирган вақтида 11-“В” синф ўқувчиси Р.И. унга ташқарига чиқишини айтган. Чиққанидан сўнг “мактабга нега мени рухсатимсиз келасан”, деб зўравонлик қилган. У М.А.га тарсаки туширган ва шу пайт ўртоғи С.А. уларни ажратмоқчи бўлганида уни ҳам урган. 

С.А. ёнида бўлган пичоқ билан синфдоши Р.И.нинг қорин қисмига жароҳат етказган.

Мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида “QALAMPIR.UZ” мухбири Чилонзор туманидаги 162-мактабга борди.

Аввалига мактаб маъмурияти эшикни ёпиб, изоҳ беришдан бош тортди.

“Мактабга бегоналар кириши мумкин эмас, изоҳ берадиган директор ҳам йўқ. Чиқиб кетинг”, дея жавоб берди мактаб ходимлари.

Мактаб директорини 1 соат кутсак ҳам натижа бўлмади, ёпилган эшиклар ёпиқлигича қолди. Шу орада 162-умумтаълим мактабига бириктирилган инспектор-психологга ҳам қўнғироқ қилинди, лекин ИИБ ходими ҳам қўнғироқларни жавобсиз қолдирди.

Орадан бироз вақт ўтгач, мактаб маъмурияти ходими изоҳ бериш мақсадида эшикларни очиб, ҳолат ҳақида гапириб берди.

“Ҳақиқатдан ҳам 21 февраль куни 2 нафар ўқувчи ўртасида келишмовчилик юз берди. Сизни ичкарига киритмаганимиз сабаби ҳали мактаб раҳбарлари келмаганида. Улар мана шу ҳолат бўйича йиғилишдан келсалар батафсил саволларингизга жавоб беради”, дейди мактаб ходими.

Унинг айтишича, пичоқланган ўқувчи айни вақтда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жонлантириш бўлимида даволаняпти.

“Бемор шу куннинг ўзида қориндаги турли жароҳатлар билан марказга олиб келинди. Келганда аҳволи оғир эди. Оғирлик даражаси қон кетиш билан боғлиқ бўлган. Бола зудлик билан жарроҳлик бўлимига ўтказилиб, муолажа ишлари амалга оширилди. Даволаш вақтида ҳақиқатдан ҳам бола ўткир тиғли жисм билан жароҳатлангани маълум бўлди. Бунинг оқибатида болада ички қон кетиш кузатилган. Шу ўринда ичаклар ҳам шикастланган. Ҳозирда боланинг ҳолати стабил оғир”, дейди Болалар жарроҳлик бўлими мудири Нозимжон Ўрмонов.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига кўра, мазкур ҳолат бўйича С.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Акобир Мисиралиев


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

жиноят пичоқлаш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг