Чет элга кетаётган ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
Жамият
−
21 Апрель
21361Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов Ўзбекистон фуқароларини чет элга чиқишдан олдин барча зарурий ҳужжатлар, қонуний талаблар ва ташкилий масалаларга тўлиқ аниқлик киритишга чақирди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида ёзди.
Бурҳоновга кўра, сўнгги пайтларда айрим фуқаролар хорижга чиқишда турли муаммоларга дуч келаётгани, айниқса ҳужжатларда камчиликлар, меҳнат шартномаларида ноаниқликлар ёки хориждаги ноқонуний фаолиятлар оқибатида мураккаб ҳолатларга тушиб қолаётгани кузатилмоқда.
Шу боисдан, ТИВ воизи чет элга сафар қилишдан олдин қуйидагиларга эътибор қаратишни сўраган:
- Борилаётган мамлакатнинг визаси, миграция тартиб-қоидалари ва бошқа қонунчилик талабларини диққат билан ўрганиш;
- Агар ишлаш учун борилаётган бўлса, меҳнат шартномаси қонуний ва расмий эканига ишонч ҳосил қилиш;
- Хорижий шахслар ёки фирмалар орқали таклиф этилган иш ёки ўқиш имкониятларини расмий ресурслар орқали текшириб кўриш.
“Оила аъзоларингизни ва яқинларингизни сафарингиз ҳақида хабардор қилинг ҳамда зарурат бўлса, дипломатик ваколатхоналаримиз билан боғланиш маълумотларини олдиндан билиб олинг. Ташқи ишлар вазирлиги сизнинг ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш ва хавфсизлигингизни таъминлаш бўйича доимий иш олиб боради. Бироқ ҳар бир фуқаронинг онгли ва масъулиятли ёндашуви – муҳим кафолатлардан биридир”, дейди хабарда ТИВ матбуот котиби.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовга хориждаги ўзбекистонликлар бўйича парламент сўрови юборилганди. Ушбу сўровга вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов муносабат билдириб, Ташқи ишлар вазирлиги хориждаги Ўзбекистон фуқароларини, улар қаерда бўлишидан қатъи назар, доимо ҳимоя қилиб келгани ва бу фаолияти устувор бўлиб қолишини маълум қилди.
LiveБарчаси