“Челси”даги вазият: Лемпарднинг боши узра қора булутлар сузмоқда

Спорт

image

Лондоннинг “Челси” клуби Англия Премьер-лигасининг 17-туридан ўрин олган “Манчестер Сити”га қарши баҳсни 3:1 ҳисоби билан бой берди. Бу мағлубиятдан сўнг, шундоқ ҳам оғир аҳволда қолган “аристократлар” мураббийи Френк Лемпард боши узра қора қузғунлар гирди-капалак бўлмоқда. Клуб раҳбарияти аллақачон Лемпард ўрнига бошқа мутахасис излаяптими ёки йўқ, буниси қоронғу. Лекин бир қатор истеъфодаги, номдор мураббийлар топ клублардан таклиф кутаётгани аниқ.

Лемпардга истеъфо ҳавф солмоқда

“Bild” нашри ПСЖ клуби собиқ бош мураббийи Томас Тухель Лемпард билан ишлари юришмаётган “Челси”ни бошқариши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Пеп Гвардиола бошқарувидаги “шаҳарликлар”га бой берилган ўйиндан сўнг, Лемпарднинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган номзодлар сафи яна биттага кўпайди. “The Independent” нашрида “Челси” клуби раҳбарияти Массимилиано Аллегри билан боғлангани ҳақида хабар ҳам босиб чиқарилди. “Челси”нинг эгаси. россиялик Абрамович даврида клуб раҳбарияти мавсум ўртасида ҳам мураббийларни истеъфога чиқариш “тажрибасига” эга эканини ҳисобга олсак, Лемпард учун ҳавотирлар ўринли. 

Ҳаммаси шунчалик жиддийми?

“A BOLA” нашрига кўра, Абрамович 2003 йилда клубни сотиб олганидан бери айнан, Френк Лемпард қўл остидаги “Челси” энг паст натижани кўрсатмоқда. Статистик маълумотларга қўра, Лемпард бошқарувидаги жамоа бир учрашувда ўртача ҳисобда 1,67 очко тўпламоқда ва бу сўнгги 17 йилдаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Натижалар қониқарли бўлмагач, клубнинг ечиниш хонасидан ҳам турли “шовқинлар” чиқа бошлади. ESPN телеканалининг маълум қилишича, “Челси”нинг бир қатор ўйинчилари мураббий Френк Лемпарднинг тактикаси ва кўрсатмаларидан ҳайрон қолмоқда

Ёзги трансферлар вақтида “Челси” Европа клублари орасида энг кўп пул сарфлаган клуб бўлган эди. Лекин таъкидланганидек, натижалар ҳаражатларни ҳали оқлаганича йўқ.

“Қаҳрамон”нинг ўзи қандай фикрда?

“Мен истеъфога оид миш-мишлардан хавотирда эмасман. Ушбу мавсумда мураккаб вазиятларга дуч келамиз, деб кутгандим. Босим ишнинг бир қисмидир. Бир ой олдин вазият яхшилигида ҳамма мендан янги шартнома имзолашимни сўради. Кейинчалик нисбатан қийин даврда тўртта учрашувда ютқаздик. Шунинг учун яна такрорлайман: босим бу ишнинг бир қисмидир. Мен “Челси”да кўп йилларни футболчи сифатида ўтказганман, шунинг учун ҳаммаси қандай бўлишини биламан: бир нечта мағлубият ва ҳар хил суҳбатлар ва саволлар бошланади. Бу йил маълум тахминлар мавжуд, чунки ёзда биз кўп пул сарфладик, аммо клуб биз хоҳлаган ўринда бўлиши учун бироз куч сарфлашимиз керак”, деган эди Лемпард истеъфога чиқиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларга изоҳ бериб. 


Мақола муаллифи

Теглар

Лемпард "Челси"

Баҳолаганлар

59

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг