Чегарадан яширинча героин олиб ўтаётганлар ушланди
3-саҳифа
−
07 Октябрь 2023
7001Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасидаги “Яллама” чегара божхона пости орқали мамлакатдан чиқиб кетаётган юк машинаси кўздан кечирилганда ундан 20 кг оғирликдаги героин топилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси QALAMPIR.UZ’га маъум қилди.
Билдирилишича, Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари юк автотранспорт воситасининг бўш ҳолатда хорижий давлатга йўл олганидан шубҳаланган ва уни текширган.
Шундан сўнг, юкхонанинг пол қисмида шубҳали объектлар борлиги аниқланган. Ушбу жой очиб кўрилганида, унинг ичидаги хуфия бўлмаларга 36 дона усти скотч билан ўралган ўрамлар борлиги фош бўлган.
Ўрамлар очиб кўрилганида эса унинг ичидаги ўткир ҳидли модда дастлабки маълумотларга кўра қарийб 20 кг героин гиёҳвандлик воситаси эканлиги аниқланган.
Таъкидланишича, ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг август ойида Тошкент вилоятидаги чегара божхона постида Ўзбекистон ҳудудига 55 килограмм наркотик моддасини олиб ўтмоқчи бўлган чет эл фуқароси ушланганди. Ўтган ой бошида эса Тошкент халқаро аэропортида сўнгги 30 йил ичидаги энг йирик миқдордаги – 8,5 тонна гиёҳвандлик моддаси тўхтатиб қолинганди. Олдинроқ гиёҳвандлик воситасини ички аъзосига яшириб божхонадан олиб ўтмоқчи бўлган шахс қўлга тушди.
LiveБарчаси