Тожикистондан Ўзбекистонга 55 кг наркотик олиб ўтмоқчи бўлган шахс ушланди (видео)
Жамият
−
22 Август 2023
18075Тошкент вилояти Божхона бошқармасининг “Ойбек” чегара божхона постида Ўзбекистон ҳудудига 55 килограмм наркотик моддасини олиб ўтмоқчи бўлган Тожикистон фуқаросини ушланди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 17 август куни Тошкент вилояти Божхона бошқармасининг “Ойбек” чегара божхона пости ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида гиҳёвандлик воситаларини республика ҳудудига ғайриоддий усулда олиб киришга уринган шахс ушланган.
Унга кўра, Тожикистон фуқароси енгил автотранспорт воситасини бошқариб, Ўзбекистон ҳудудига кириб келаётган пайтда постдаги кўрик мажмуаси орқали кўздан кечирилган.
Божхона кўриги давомида машинанинг газ баллони ичига турли шаклдаги 49 дона ва бензин баки ичига 31 дона полиетилен ўрамдаги шубҳали моддалар яширилгани аниқланган. Ўрамлар чиқариб олиниб, ичидаги модда Марказий божхона лабораториясида текширувдан ўтказилган. Экспертиза хулосасига биноан уларнинг 52 килограмм 877 грамми гашиш ҳамда 2 килограммдан зиёди героин, 1 дона елим идиш ичидаги модда эса 950 грамм синтетик гиёҳвандлик воситаси экани маълум бўлган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, божхона ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 329 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида 298 килограмм оғирликдаги гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
LiveБарчаси