Тошкент халқаро аэропортида 8,5 тонна гиёҳвандлик моддаси тўхтатиб қолинди (видео)
3-саҳифа
−
07 Сентябрь 2023
12296Тошкент халқаро аэропортида сўнгги 30 йил ичидаги энг йирик миқдордаги – 8,5 тонна гиёҳвандлик моддаси тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Унга кўра, Божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплексининг “Авиаюклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳаво йўллари орқали республикага хориждан олиб келиниб, сўнгра юк автотранспорт воситаси орқали транзит тарзида олиб ўтилиши режалаштирилган 25 тонна оғирликдаги 1000 қоп қандолат кўкнориси уруғлари озиқ-овқат маҳсулоти белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган.
“Одатда турли пишириқларга қўшиладиган ёки юзасига сепиладиган қандолат кўкнориси гарчи ўхшаш бўлса-да, анъанавий кўкнори гиёҳвандлик воситасидан тубдан фарқ қилади. Яъни, ушбу маҳсулот кўкнори оиласига мансуб ўт ўсимликларнинг махсус тайёрланган ва қайта ишланган уруғлари ҳисобланади”, дейди Ҳусан Тангриев.
Бироқ божхона кўриги давомида ҳужжатларда қандолат кўкнориси деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомонлар таркибида қарангки, ҳақиқий гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган 8,5 тонна кўкнори сомони борлиги аниқланган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Таъкидлаш жоизки, битта ҳолатда 8,5 тонна гиёҳвандлик воситасининг фош қилинишидек энг йирик кўрсаткич Ўзбекистон божхона хизмати органларининг сўнгги 30 йиллик тарихида илк бор қайд этилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, ундан олиб чиқиш ва транзит тарзида ўтказиш тартибини, шунингдек уларнинг муомалада бўлиши юзасидан назоратни такомиллаштириш тўғрисида” 2015 йил 12 ноябрдаги 330-сонли қарорига биноан кўкнор сомони мамлакат ҳудудида муомаласи тақиқланган гиёҳвандлик моддаси ҳисобланади.
LiveБарчаси