“Бюджетник”ларнинг ўзбек тилини билиши шарт қилиб қўйилмоқда

Жамият 8781
image
-

Ўзбекистонда давлат ташкилотлари ходимларининг ўзбек тилини билиши мажбурий қилиб белгиланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев маълум қилди.

Депутатга кўра, “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида қуйидагича қўшимча киритилмоқда:

“Давлат органлари ва ташкилотларининг ходимлари ўзининг хизмат ва профессионал вазифаларини бажариши учун давлат тилини билишлари шарт.

Давлат органлари ва ташкилотлари касб, мутахассислик, лавозим вазифаларини бажариш учун давлат тилини билмайдиган ўз ходимларига давлат тилини ўрганишлари учун зарур шарт-шароитлар яратади”.

Таъкидланишича, Германия, Франция, Грузия, Латвия, Украина, Россия, Қирғизистон қонунчилигида шундай мазмундаги талаблар аллақачон белгиланган.

“Хатто Қирғизистонда парламентнинг 2012 йилдаги қарорига кўра, давлат хизматчиларининг қирғиз тилини билмаслиги жавобгарликка сабаб бўларкан”, дейди Кушербоев.

Ҳозирда қонун лойиҳаси сиёсий партияларнинг фракциялари томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилмоқда.

“Менимча мантиқан тўғри ва асосли киритилаётган қўшимча. Агар қабул қилинса давлат идораларида меҳнат қиладиган  айрим масъулларнинг давлат тилига бўлган эътибори тубдан ўзгарса керак”, деган Расул Кушербоев ушбу қўшимчага муносабат билдириб.

Аввалроқ, Ўзбекистонда давлат тили тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилаётгани ҳақида хабар берган эдик.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 303
Рейтинг: 2.9
t
×