Бўзсув каналига текстиль корхоналари бўёқ қолдиқларини оқизмоқда (видео)
3-саҳифа
−
29 Сентябрь 3482 2 дақиқа
Кеча, 28 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Бўзсув каналининг Тошкент вилояти, аниқроғи Ўрикзор бозоридан оқиб ўтган ҳудудига яқин қисмида рангли сувлар оқизилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ муносабат билдирди.
Корхонага кўра, ушбу мавзу бугун пайдо бўлиб қолмаган. Тошкент шаҳридан чиқаётган оқова, яъни канализация сувларини тозаловчи 3 та иншоот мавжуд. Улар аҳолидан келаётган маиший, яъни ошхона, ҳаммом, ҳожатхона сувларини қабул қилиш учун мўлжалланган бўлиб, биологик усулда тозалаш техника ва технологиялари билан жиҳозланган. Бунда айнан кимёвий ташламаларни бирламчи корхоналар тозалаши назарда тутилган.
Бироқ тадбиркорлик ва ишлаб чиқариш жараёнларининг ривожланиши ва улардан канализацияга ташланаётган турли кимёвий чиқиндилар ҳамда текстиль корхоналардан чиқаётган бўёқ қолдиқлари, яъни рангли сувлар иншоотларнинг ишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Аслида белгиланган меъёрга кўра, ҳар бир ишлаб чиқарувчи корхонада локал иншоот бўлиши талаб этилади. Ушбу бирламчи иншоотлар корхонадан чиқаётган кимёвий чиқиндиларни тозалаши лозим.
Аммо бундай иншоотларнинг эксплуатацияси қимматга тушгани боис, баъзи ишлаб чиқарувчилар корхонадан чиққан оқова сувларни канализацияга оқизиб юборишни афзал кўрмоқда.
“Сиз тасвирда кўраётганингиз турли рангли оқова сувлар текстиль корхоналаридан чиқмоқда. Тозалаш иншооти ранглар ва кимёвий ташламаларни ажратиб ололмайди. Республикамиздаги барча ишлаб чиқариш корхоналаридан бу каби оқова сувларни канализация тармоқларига ёки табиатга йўналтирмасликларини, бу каби хатти-ҳаракатлари нафақат ишлаб чиқариш, жамият ёки табиат меъёрларига, балки инсонийлик принципларига ҳам тўғри келмаслигини эслатиб ўтамиз!” дейилади муносабатда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Бўзсув каналининг Тошкент вилоятининг Зангиота тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмига саноат ва маиший чиқиндилар ташланиши, санитария-муҳофаза зоналарига ўзбошимчалик билан қурилмалар қуриш каби кўплаб қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани ортидан жиноят иши қўзғатилнди.
Live
Барчаси