Бундай транспорт қўшниларимизда ҳам йўқ — Назарбеков 14 миллиардлик юк машиналари харидига изоҳ берди
Маданият-санъат
−
10 Декабрь 2022
5355414 миллиард сўмга харид қилинган транспорт воситалари кичрайтирилган “Халқлар дўстлиги” санат саройидек гап. Бундай транспорт Ўзбекистоннинг қўшниларида ҳам йўқ. Бу ҳақда Маданият вазири Озодбек Назарбеков вазирлик томонидан харид қилинган 14 миллиард сўмлик юк машиналари ҳақидаги саволга жавобан айтиб ўтди. ОАВ ходимлари билан мулоқот кеча, 9 декабрь куни Миллий матбуот марказида бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 2 февралдаги 112 сонли қарорида Маданият вазирига махсус автотранспорт харид қилиш топшириқ этиб белгиланган ва харид учун 20 миллиард пул ажратилган эди. Биз елиб-югуриб, талашиб, бир нечта вариантлар ичида танлаб, нархни 14 миллиардга туширдик ва машина харидини ташкил этдик. Ҳали автомашиналаримиз қўлимизгача етиб келгани йўқ. Улар яқин кунларда келади. Лекин баралла айтоламанки бундай транспорт яқин қўшниларимизда ҳам йўқ”, дейди Маданият вазири.
Шунингдек, Озодбек Назарбеков янги юк машиналари нима учун керак эканини айтиб, унинг имкониятларига ҳам тўхталиб ўтган.
“Агар биз концерт ташкил қиламиз десак, бу транспорт энг чекка ҳудудга борган тақдирда ҳам 20 дақиқада концерт томошасини намойиш этиш учун тайёр бўлади. У транспортда саҳна, экран, овоз кучайтиргичлар мавжуд бўлиб замонавий кўринишдаги “Халқлар дўстлиги” санат саройининг кичрайтирилган саҳнаси. Бундай хариддан мақсад энг чекка ҳудудларда ҳам сифатли хизмат кўрсатиш. Оддий қора парда ёки шийпонда туриб, хира чироқни ёқиб қўйиб концерт бериш даври, менимча, ўтди. Бугун қишлоқда яшаётган аҳолига ҳам юқори даражадаги хизмат кўрсатиш даври келди”, деган Назарбеков.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ноябрь ойида Маданият вазирлиги харид қилган иккита автотранспорт воситасининг қиймати 15,5 миллиард сўм дея баҳоланган эди. Ҳолат кўпчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлиши ортидан вазирлик расмий муносабат билдирган ва хариднинг қўшимча тафсилотларини ошкор қилган эди.