Бунча катта “дух” қаердан пайдо бўлди? – Кушербоев “Амирсой”да 700 туп дарахт кесиб ташлангани ҳақида
Жамият
−
15 Сентябрь 2021
18830Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида 700 туп атрофидаги қимматбаҳо дарахтлар кесиб ташланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев маълум қилди.
“Баъзан тушунмай дарахт кесиб қўйибди, деган бахоналарни эшитиб қоламиз. Балки ростанам дарахт кесиш мумкинмаслигини билмагандир, дейиш мумкин.
Лекин ҳамма нарсадан хабари бор, нуфузли ташкилотдагиларнинг ҳам қонунларга тупуриб қўйганини қандай тушуниш мумкин?!”, дейди депутат навбатдаги дарахт “қирғини”га муносабат билдирар экан.
Кушербоев Бўстонлиқ туманидаги “Амирсой” курорт зонаси маъмуриятининг яқинда нақд 700 туп атрофидаги қимматбахо дарахтларни кесиб ташлаганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини таъкидлаган.
“Шунча гапдан кейин ҳам ҳар хил баҳоналар билан дарахткесарлик давом этмоқда. Бунча катта “дух” қаердан пайдо бўлди?”, дейди Кушербоев.
У ҳолат бўйича Экология қўмитаси томонидан прокуратурага тақдим этилган материаллар ими-жимида ёпилиб кетмаслиги кераклигини урғулаган.
“Гап ортга қайтариб бўлмайдиган 700 туп дарахт ва салкам 400 миллион сўмлик табиатга етказилган зарар ҳақида кетмоқда.
Ўзи курорт маъмурияти одамлар тоғнинг дарахтзор табиатида дам олиш учун ҳам курортларга боришини билармикан”, дейди депутат.
Расул Кушербоев ҳолат юзасидан расмийдан изоҳ бериши кераклигини қайд этган.
Ўзбекистон Президентининг “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан дарахт кесиш учун мораторий 2021 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15