Бухорода навбатдаги 25 нафар бемор коронавирусдан соғайди
Жамият
−
01 Май 2020
6749Бухоро вилоятида 25 нафар бемор коронавирусдан буткул соғайди. Бу ҳақда бугун, 1 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
“Бухоро вилоятида коронавирусга чалинган навбатдаги 25 нафар бемор тўлиқ соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди“, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Шифо топганларнинг 22 нафари Россиядан, 1 нафар эса Туркиядан чартер рейс билан Бухорога олиб келинган ва карантинга олинган. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, шифохонага жойлаштирилган. Қолган 2 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқот орқали касалликни юқтириб олишган.
Соғайганларни ҳудудлар кесимида оладиган бўлсак, Бухоро, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 4 нафар, Сурхондарё вилоятидан 3 нафар, Хоразм, Андижон, Наманган ва Сирдарё вилоятларидан 1 нафар ҳамда Қирғизистон Республикасининг 2 нафар фуқароси ҳам бор. Уларнинг 19 нафари эркак, 6 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 55 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 15 ёш.
Маълумот учун, Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 300 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда улар 325 нафарга етди. Шундай қилиб, мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 1159 нафарга етди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтда мамлакатда коронавирус юқтирганлар 2046 нафарга етди. Бугунгача беморларнинг 9 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси