Бугун Синдоров ва Доммаражу жаҳон чемпионлиги учун курашни бошлайди
Спорт
−
2783 3 дақиқа
Бугун, 24 ноябрь куни ўзбекистонлик Жавоҳир Синдоров ва ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу шахмат бўйича жаҳон чемпионлиги учун баҳсни бошлайди. Илк партия Женева яқинидаги Колоньи шаҳрида жойлашган Мартин Бодмер жамғармасида ўтказилади.
Учрашув Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.
Амалдаги жаҳон чемпиони ва унга даъвогарнинг ҳар иккиси ҳам 20 ёшда. Жаҳон шахмати тарихида чемпионлик учун бундай ёшдаги икки шахматчи ўртасида баҳс ҳеч қачон ўтказилмаган.
Гукеш 2024 йил декабрь ойида Сингапурда қўлга киритган жаҳон чемпионлиги унвонини илк бор ҳимоя қилади. У хитойлик Дин Лиренни 7,5:6,5 ҳисобида мағлуб этиб, финалнинг 14-партиясида ҳал қилувчи ғалабага эришган эди. 18 ёшида ҳиндистонлик шахматчи тарихдаги энг ёш мутлақ жаҳон чемпионига айланди ва Гарри Каспаровнинг 22 ёшида чемпионликни қўлга киритиш бўйича рекордини янгилаганди.
Бироқ амалдаги чемпион учун унвонини ҳимоя қилиш осон бўлмаслиги мумкин. Ноябрь ойидаги Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) рейтингида Гукеш 2710 очко билан 26-ўринда бормоқда. Синдоров эса 2782 очко билан тўртинчи ўринни эгаллаган. Ўзбекистонлик шахматчининг устунлиги 72 очкони ташкил этади.
Синдоров Кипрда ўтказилган Даъвогарлар турнирида ғалаба қозониб, жаҳон чемпионлиги учун баҳсга йўлланма олди. У 14 та партияда 10 очко тўплади, бирор марта мағлубиятга учрамади ва бир тур қолганидаёқ биринчи ўринни кафолатлади. Бунга қадар гроссмейстер 2025 йилги FIDE Жаҳон кубогида ҳам ғолиб чиққан эди. У Ўзбекистон тарихида мутлақ жаҳон чемпионлиги учун баҳсда иштирок этадиган илк шахматчи бўлди.
Жаҳон чемпионлиги учун баҳс классик шахмат қоидалари асосида максимал 14 та партиядан иборат бўлади. Ғалаба қозониш учун шахматчилардан бири 7,5 очко тўплаши керак. Ҳар бир иштирокчига дастлабки 40 та юришни амалга ошириш учун икки соат, кейинги ўйин қисми учун эса қўшимча 30 дақиқа вақт берилади. 41-юришдан бошлаб ҳар бир юриш учун 30 сониядан қўшиб борилади.
Классик партиялар 24-26 ва 28-30 ноябрь кунлари, шунингдек, 2-4, 6-8 ва 10-11 декабрь кунлари ўтказилиши режалаштирилган. Барча учрашувлар Тошкент вақти билан соат 19:00 да бошланади.
Агар асосий баҳс 7:7 ҳисобида якунланса, жорий йилнинг 12 декабрь куни тай-брейк ўтказилади. Унда дастлаб тўртта тезкор партия ўйналади. Ҳар бир шахматчига 15 дақиқа вақт берилади ва ҳар бир юришдан сўнг 10 сония қўшилади. Агар ғолиб аниқланмаса, баҳс янада қисқа вақт назоратида давом этади.
Мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 2,5 миллион долларни ташкил этади. Агар ғолиб тай-брейкда аниқланса, ғолиб 1,3 миллион доллар, мағлуб эса 1,2 миллион доллар мукофот пулига эга бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жавоҳир Синдоров амалдаги жаҳон чемпиони – ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши 2026 йилги Жаҳон чемпионлиги учун баҳсларнинг илк партиясини оқ доналарда бошлаши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси