“Бибисоранинг башорати рўёбга чиқди”. Синдоров қизиқ хотирани эслади
Спорт
−
1156 2 дақиқа
Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров қозоғистонлик шахматчи Бибисора Асаубаева икки йил аввал унинг жаҳон чемпионлиги учун курашишини башорат қилганини айтди. Бу ҳақда у “Chess.com”га берган интервьюсида гапирди.
Синдоровнинг айтишича, 2024 йилги жаҳон чемпионатида ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу ва хитойлик Дин Лижэнь ўртасидаги баҳсни томоша қилаётган вақтда Асаубаева унга икки йилдан кейин жаҳон чемпионлиги учун ўйнашини айтган.
“Биз Дин ва Гукеш ўртасидаги ўйинни томоша қилаётгандик. Сора ёнимда ўтириб: “Билмадим, лекин ички ҳиссиётим икки йилдан кейин сен жаҳон чемпионлиги учун баҳс олиб боришингни айтяпти”, деди. Мен эса кулиб: “Вой, майли, Сора, айтганинг учун раҳмат. Аммо ҳали қилишим керак бўлган ишлар жуда кўп, шунинг учун бу ҳақда ўйлашга ҳам журъатим етмайди”, дедим. Номзодлар турнирида ғолиб бўлганимдан кейин Соранинг ўша гапларини эсладик. Биласизми, Сора ҳақиқатан ҳам ажойиб сезгига эга, айниқса ҳаёт билан боғлиқ масалаларда”, дейди Синдоров.
Маълумот учун, жорий йилнинг 14 апрель куни Синдоров Кипрда ўтказилган 2026 йилги Номзодлар турнирида муддатидан аввал ғолиб чиқди ва амалдаги жаҳон чемпиони Гукешга қарши шахмат тожи учун баҳс олиб бориш ҳуқуқини қўлга киритди. Уларнинг ўзаро учрашуви 24 ноябрдан 12 декабрга қадар Женевада бўлиб ўтади.
Маълумот учун, шу йилнинг баҳорида Жавоҳир Синдоров ва Бибисора Асаубаеванинг ўзаро муносабатлари оммага ошкор қилинганди. Синдоровнинг бобоси Комил Синдоровнинг айтишича, жуфтлик турмуш қуришни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жавоҳир Синдоров амалдаги жаҳон чемпиони – ҳиндистонлик Гукеш Доммаражуга қарши 2026 йилги Жаҳон чемпионлиги учун баҳсларнинг илк партиясини оқ доналарда бошлаши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси