Бугун Мадрид клубларидан бири турнир билан хайрлашади

Спорт

image

Европа Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичи жавоб ўйинлари бугун ҳам давом эттирилади. “Лилль”-“Боруссия”, “Астон Вилла”-“Брюгге”, “Арсенал”-ПСВ, “Атлетико”-“Реал” учрашувлари бугунги кун тартибидан ўрин олган.

“Лилль” ПСЖ ортидан кейинги босқичга ўта оладими?

Европа Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичи илк ўйинида “Лилль” “Боруссия” меҳмони бўлиб, 1:1 ҳисобида дуранг қайд эта олди. Жавоб ўйинидаги натижа масалани ҳал қилади. Ҳозирча бу ўйинда яққол фаворит йўқ. Тўғри, жаҳон футболидаги мавқейи тарафдан “Боруссия”нинг имконияти бироз баландроқ кўриниши мумкин. Аммо бу Чемпионлар лигаси ва бу турнирда ҳар қандай натижа қайд этилиши мумкин. Аутсайдер бўлиб кўринган клуб сенсацион тарзда ғалаба қозониб, кўпчиликни ҳайрон қолдиради. Мазкур учрашув бугун, 12 март куни Тошкент вақти билан 22:45 да старт олади. Ушбу ўйин ғолиби 1/4 финалда Каталониянинг “Барселона”сига қарши майдонга тушади.

“Брюгге” яна бир бор мўжиза кўрсатишга ҳаракат қилади

Бельгиянинг “Брюгге”си шов-шувли тарзда “Аталанта”ни мусобақадан чиқариб юборганидан кейин 1/8 финал босқичида Англиянинг “Астон Вилла” клубига рўбарў келди. Бельгияда ўтган илк ўйинда “Брюгге” “Астон Вилла”га 3:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Иккита тўп фарқи жуда фожиали эмас. Йўққа чиқарса бўладиган фарқ, аммо рақиб “Астон Вилла” ҳам бу мавсум анча ўйин жиҳатдан ҳам, таркиб жиҳатдан ҳам кучайди. Бирмингемликлар қишки трансферлар ойнасида ҳужумчи Жон Дюранни 70 миллион эвазига “Ал-Наср”га сотиб юборди. Ундан қолган фойдага клуб “Манчестер Юнайтед”дан Маркус Решфорд ва ПСЖдан Марко Асенсиони сотиб олди. Ҳар икки футболчи жамоага тезда мослашиб кетди ва кетма-кет ўйинларда гол-ассистлар амалга ошириб келмоқда. Жавоб ўйини “Астон Вилла” ўз уйида ўтказишини ҳисобга олиб, ҳамда дастлабки ўйиндаги 3:1 ҳисобидаги ғалаба бирмингемликларни фаворитга айлантирди. Ушбу ўйин 13 мартга ўтар кечаси Тошкент вақти билан 01:00 да старт олади. Ушбу ўйин ғолиби кейинги босқичда ПСЖга рақиб бўлади.

Мўжиза ҳам ёрдам бера олмайдиган ПСВ

Чемпионлар лигаси 1/8 финали илк ўйинида “Арсенал” ПСВ меҳмони бўлди ва ўта йирик 7:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Лондонликлар чорак финал масаласини Нидерландиядаёқ ҳал қилишга улгурди. “Эмирейтс”да бўлиб ўтадиган жавоб ўйинида ПСВ 6 тўплик фарқни йўққа чиқаришига ҳаттоки клуб мухлислари ҳам ишонмайди. Аҳамиятлиси шундаки, “Арсенал” илк ўйинда соф марказий ҳужумчисиз ўйнади ва рақиб дарвозасини 7 марта ишғол қилди. Бу эса жароҳатлар гирдобида қолган Артета шогирдларининг нималарга қодир эканлигини кўрсатиб қўйди. ПСВга ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш керакки, бу ўйин ғолиби “Атлетико”-“Реал” тўқнашуви ғолибига қарши майдонга тушади. Мазкур учрашув 13 мартга ўтар кечаси Тошкент вақти билан 01:00 да старт олади.

Мадрид клубларидан бири турнир билан хайрлашади

Мадрид дербисидаги илк ўйинда “Реал” “Сантьяго Бернабеу”да 2:1 ҳисобида зафар қучди. Ҳисобдаги фарқ ва жавоб ўйини “Атлетико” майдонида бўлишини ҳисобга олганда, “матрасчилар” ҳам кейинги босқич учун имкониятни сақлаб қолди. Икки жамоа ҳам кейинги босқич учун борини ташлайди. Бу баҳсда фаворит мақоми “Реал”да. Сабаби “қироллик клуби” Чемпионлар лигасида тубдан бошқа жамоага айланиб олади. “Атлетико” эса қаршилик кўрсатишга ҳаракат қилади. Мазкур учрашув 13 мартга ўтар кечаси Тошкент вақти билан 01:00 да старт олади. Ушбу ўйин ғолиби, катта эҳтимол билан “Арсенал”га қарши майдонга тушади.


Мақола муаллифи

Теглар

Реал Атлетико Европа Чемпионлар лигаси 1/8 финал босқичи жавоб ўйинлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг