Бугун Ғазо фашистлар ҳужум қилган Варшава геттосидан ҳам вайронароқ – Колумбия Президенти
Олам
−
11 Октябрь 2023
8211Исроилнинг Ғазо секторига берган зарбалари ва минтақани блокада қилиши фашистларнинг Варшава геттосидаги қўзғолонни бостиришига ўхшаб, қурбонлар ва вайронагарчиликларга сабаб бўляпти. Бу ҳақда кеча, 10 октябрь куни Колумбия Президенти Густаво Петро айтиб ўтди.
"Бугун Ғазо сектори фашист ваҳшийлари томонидан вайрон қилинган Варшава геттосидан ҳам харобароқ бўлган кўринади. 140 нафар фаластинлик ўғил-қиз бомбардимонда ҳалок бўлди, улар ҲАМАС жангарилари эмас эди. ҲАМАС ва Исроил ўнглари бир-бирининг қонини ичмоқда”, деб ёзган у.
Густаво Петронинг айтишича, Колумбия ҳукумати икки эркин давлат: Исроил ва Фаластинни ҳимоя қилувчи БМТ резолюцияларини қўллаб-қувватлайди, бу икки давлатни тан олади ва Исроилдан Фаластинга нисбатан босқинчилик урушини тўхтатишни талаб қилади.
Маълумот учун, Варшава геттоси урушдан вайронага айланган Европадаги энг катта ёпиқ яҳудий ҳудуди эди. 1941 йил март ойида, ўн минглаб яҳудийлар ҳудудга қувилганида, бу "шаҳар ичидаги шаҳар" аҳолиси максимал 460 минг кишига етган. Одамлар озиқ-овқат ва дори-дармонга эга бўлмаган ҳолда очлик ва касалликдан ўлган. 1942 йилнинг ёзида, геттони йўқ қилиш ҳаракати бошланганда, унда 380 минг аҳоли қолди. Улардан 300 минг нафари Треблинкадаги концлагерга олиб кетилган. Нацистларнинг мақсади яҳудийларни бутунлай йўқ қилиш экани маълум бўлгач, кўпчилик геттодан қочиб кетди ва қолган 60 минг киши ўз ҳаётлари учун курашишга қарор қилди. Варшава геттосидаги қўзғолон, кучларнинг мутлақо тенг бўлмаган мувозанатига қарамай, 28 кун давом этди. 16 май куни яҳудийлар ҳудудини бутунлай вайрон қилиб, нацистлар қўзғолонни якуний бостиришини эълон қилди. Варшавадаги Катта синагог бомбардимон қилинди ва омон қолган яҳудийлар яқин атрофдаги концлагерларга тарқатилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил Мудофаа вазири Йоав Галант Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини кенг кўламли блокадага киришаётганини маълум қилганди. Венесуэла Президенти Николас Мадуро эса Исроилни Фаластин халқини қирғин қилишда айблаб, зудлик билан тинчлик музокараларини бошлаш ва Фаластиннинг ҳудудий ҳуқуқларини кафолатловчи БМТ резолюцияларини амалга оширишга чақирганди. Россия Президенти Владимир Путин ҳам мустақил суверен Фаластин давлатини яратиш зарурлигини айтиб ўтди. Шунингдек, у Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги қуролли тўқнашувларни АҚШ сиёсати муваффақиятсизлигининг яққол мисоли деб атади. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Яқин Шарқдаги бу можародан Россия манфаатдорлигини таъкидлади.
LiveБарчаси