Бу хавфли эскалация – БМТ дунёни Россиянинг ўйинчоқ референдумини тан олмасликка чақирди

Олам

image

Донецк ва Луганск “халқ республикалари” (ДХР ва ЛПР), Херсон ва Запорожье вилоятларининг Россия таркибига кириши қонуний кучга эга бўлмайди. Бу ҳақда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш бугун, 29 сентябрь куни журналистлар билан суҳбатда сўз очди. 

Унинг қайд этишича, Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларининг қўшилиш тўғрисидаги ҳар қандай қарори юридик кучга эга бўлмайди ва қоралашга лойиқ. 

"Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми аниқ. Куч қўллаш таҳдиди ёки қўллаш оқибатида бир давлат ҳудудининг бошқа давлат томонидан аннексия қилиниши БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқ тамойилларини бузиш ҳисобланади. БМТ Бош Ассамблеяси ҳам бу борада аниқ фикр билдирди”, дейди Гутерриш. 

Бош котибга кўра, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоларидан бири сифатида Низомга риоя қилиш Россия Федерациясига алоҳида масъулият юклайди. 

“Буни халқаро ҳуқуқ билан келиштириб бўлмайди. Бу халқаро ҳамжамият тарафдори бўлган ҳамма нарсага зид келади. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барча тамойиллари ва мақсадларига ҳурматсизликдир. Бу хавфли эскалация. Замонавий дунёда бунга ўрин йўқ. Бу қабул қилинмаслиги керак”, дейди у.

Гутерриш БМТнинг “референдум” бўйича позицияси аниқ эканини таъкидлади.  

“Биз Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари доирасида ва БМТ резолюцияларига мувофиқ суверенитети, бирлиги, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига тўлиқ содиқмиз. Шуни таъкидлашни истардимки, босиб олинган ҳудудларда "референдум"лар давом этаётган қуролли тўқнашувлар шароитида, Россия ишғоли остидаги ва Украинанинг ҳуқуқий ҳамда конституциявий доирасидан ташқарида бўлган ҳудудларда ўтказилди. Уларни халқ иродасининг ҳақиқий ифодаси, дейиш мумкин эмас”, дейди Гутерриш.

Шунингдек, у, Россиянинг ушбу йўналишда давом этиш бўйича ҳар қандай қарори тинчлик истиқболларини хавф остига қўйишини таъкидлади:

“Бу глобал иқтисодиётга, айниқса, ривожланаётган мамлакатларга жиддий таъсир кўрсатади ва бизнинг Украина ва ундан ташқарига ёрдам етказиш қобилиятимизга тўсқинлик қилади. Чегарадан орқага қайтиш вақти келди. Энди биз ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ биргаликда ушбу ҳалокатли ва маъносиз урушни тугатиш ва БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқни қўллаб-қувватлашимиз керак”.

Россия Федерацияси таркибига қўшилиш бўйича референдумлар 23–27 сентябрь куни бир вақтнинг ўзида тўртта минтақада –ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларида ўтказилди. Минтақавий сайлов комиссиялари маълумотларига кўра, овоз берганларнинг аксарияти ушбу ҳудудларни Россия Федерацияси таркибига субъект сифатида киритиш тарафдори бўлган.

Эртага, 30 сентябрь куни Москвадаги Катта Кремль саройида янги ҳудудларни Россия таркибига қўшиш тўғрисидаги шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтади. Унда Президент Владимир Путин ҳам қатанашиши кутилмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Антониу Гутерриш Референдум Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

57

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг