Британиянинг янги ҳукумати Украина бўйича позициясини эълон қилди
Олам
−
07 Июль
25063Буюк Британиянинг янги Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми Украинани Россия ҳужумларидан ҳимоя қилишда давом этиш ниятида эканлигини билдирди. Бу ҳақда у ўзининг Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.
“Британиянинг янги ҳукумати Украинани қўллаб-қувватлашда ва унинг хавфсизлигини кафолатлашга доимо содиқ қолади”, дея ёзган Дэвид Лэмми.
Германия Буюк Британияда янги Лейбористлар ҳукумати ҳокимиятга келганидан кейин Лэмми ташриф буюрган биринчи давлат бўлди. Берлинга ташрифи чоғида у Буюк Британия Европа Иттифоқи билан муносабатларини қайта тиклаш ниятида эканлигини билдирди.
“Бирлашган Қиролликнинг янги ҳукумати ўзининг устувор йўналишларини жуда аниқ белгилаб олди. Биз Европа Иттифоқи билан муносабатларимизни тиклашни истаймиз”, деган Ташқи ишлар вазирлигининг янги раҳбари.
Лэмми қиролликнинг ЕИ ички бозорига ва ЕИ Божхона иттифоқига қайтиш эҳтимолини истисно қилди, бироқ хавфсизлик масалаларида биргаликда кўп иш қилишлари мумкинлигини таъкидлади.
“Бундай битим мудофаа, энергия ва иқлим каби жуда кенг мавзуларни қамраб олиши мумкин. Шуни аниқ айтмоқчиманки, европаликлар бизнинг дўстларимиз ва биз уруш фонида мудофаа харажатларини оширишда давом этишимиз ҳамда улар билан яқиндан ҳамкорлик қилишимиз керак”, дея қўшимча қилди у.
Ўз навбатида, Анналена Бербок Буюк Британияни фан, маданият ва хавфсизлик соҳаларида Европанинг ажралмас қисми деб атади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Британия Ташқи ишлар вазирлигига аждодлари қул бўлган биринчи раҳбар тайинланганди.
LiveБарчаси