Британия ТИВга аждодлари қул бўлган биринчи раҳбар тайинланди

Олам

image
Қирол Чарльз III Британиянинг янги Бош вазирини қабул қилди north_east

Қирол Чарльз III Британиянинг янги Бош вазирини қабул қилди

Буюк Британиянинг янги Бош вазири Кир Стармер Дэвид Лэммини янги лейбористлар ҳукумати Ташқи ишлар вазири этиб тайинлади. Бу ҳақда Даунинг-стритдаги 10-уй идораси баёнотида маълум қилинди.

“Қирол ҳурматли Дэвид Лэммини Ташқи ишлар вазири лавозимига тасдиқлашдан мамнун эди”, дейилади хабарда.

Лэмми 2020 йилда Стармер Лейбористлар партияси етакчиси этиб сайланганидан сўнг унинг жамоасига қўшилган. У 2020-2021 йилларда соядаги адлия котиби лавозимида ишлаган, шундан сўнг унга соядаги ташқи ишлар вазири портфели берилган.

Гаяналик илдизларга эга 51 ёшли Лэмми 2000 йилдан бери Британия парламенти Жамоатлар палатасида ўзи туғилиб ўсган шимолий Лондондаги Тоттенхэм округи вакили бўлиб келган. Сайлов кампанияси давомида у лейбористлар ғалаба қозонса, Ташқи ишлар вазирлигининг аждодлари қул бўлган биринчи раҳбари бўлишини таъкидлади.

У ҳукуматдаги илк тажрибасини Бош вазир Тони Блэр даврида, хусусан, 2005-2007 йилларда қироллик Маданият вазирлиги раҳбари ўринбосари лавозимида ишлашдан бошлаган. Лейбористларнинг охирги бош вазири Гордон Браун кабинетида Лэмми таълим вазири ўринбосари бўлиб ишлаган (2008-2010).

Британия Ташқи ишлар вазирлигининг янги раҳбари маълумоти бўйича ҳуқуқшунос: 1993 йилда Лондон университетининг Шарқ ва Африкашунослик мактабини тамомлаган, шундан сўнг Линкольнс-инн фахрий юридик жамиятига қабул қилинган. Лэмми 1997 йилда Гарвард юридик мактабини тамомлаган. Калифорнияда бир йил адвокат бўлиб ишлагандан сўнг, у Лондонга қайтди ва у ерда D J Freeman етакчи юридик фирмаларидан бирига қўшилди.

“The Times” нашрининг ёзишича, Лэмми АҚШнинг 44-президенти Барак Обама (2009-2017) билан яқин алоқада бўлиб, улар 2005 йилда Гарвард университети битирувчилари учрашувида кўришган. Шу билан бирга, Лэмми Оқ уйнинг яна бир собиқ раҳбари, ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларидан кейин Овал кабинетга қайтиши мумкин бўлган Доналд Трампни  2017 йилда ирқчи сифатида тавсифлаган. Яқинда Лондондаги таҳлилий марказдаги нутқида у Трампга қарши риторикасини юмшатиб, Лейбористлар ҳукумати ҳар қандай АҚШ Президенти билан ишлашга тайёрлигини айтди.

Украинадаги можарога келсак, Ташқи ишлар вазирлигининг янги раҳбари Киев ҳукуматига ёрдам беришда давом этиш тарафдори. Аввалроқ “The Guardian” газетаси Лэммининг асосий устувор йўналишларидан бири Европа Иттифоқи билан муносабатларни мустаҳкамлаш бўлишини маълум қилганди. 2016 йилда у Brexit’ни қўллаб-қувватламаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Британия Бош вазир Дэвид Лэмми

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made