Британияда тўрт кунлик иш ҳафтаси жорий этилмоқда

Олам

image

Буюк Британияда 200 та компания ходимларининг иш ҳақини камайтирмасдан, барча учун тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий этишга келишиб олди. Бу ҳақда “The Guardian” хабар берди.

Қайд этилишича, ушбу компаниялар жами 5000 дан ортиқ ходимларни иш билан таъминлайди. Маълумотларга кўра, тўрт кунлик иш ҳафтаси энг кўп хайрия ташкилотлари, маркетинг ва технология соҳаларида оммалашган.

Тўрт кунлик иш ҳафтасини қўллаб-қувватловчилар беш кунлик иш ҳафтаси эски иқтисодий давр қолдиғи эканини таъкидлаган.

“9-5 соатлик беш кунлик иш ҳафтаси 100 йил аввал ихтиро қилинган ва бугунги кунда бу тизим эскирган. Уни янгилаш вақти етди”, деган “4 Day Week Foundation” ташкилоти компанияси директори Жо Райл.

Унинг сўзларига кўра, 50 фоиз кўпроқ бўш вақт билан, тўрт кунлик иш ҳафтаси одамларга бахтлироқ ва мазмунлироқ ҳаёт кечириш имконини беради.

“Юзлаб Британия компаниялари ва бир маҳаллий кенгаш кўрсатиб берганидек, иш ҳақини камайтирмаган ҳолда тўрт кунлик иш ҳафтаси ҳам ходимлар, ҳам иш берувчилар учун фойдали бўлиши мумкин”, деган у.

Маълум қилинишича, маркетинг, реклама ва жамоатчилик билан алоқалар соҳаларидаги 30 компания бу сиёсатни қабул қилган. Кейинги ўринларда 29 та хайрия ва ижтимоий ташкилотлар, 24 та технология компаниялари, шунингдек, бизнес ва маслаҳат соҳасидаги 22 компания ҳам 4 кунлик иш ҳафтасига ўтган.

Ҳозиргача жами 200 та компания иш вақтини қисқартиришга ўз содиқлигини билдирган. Уларнинг фикрича, бундай ташаббус ходимларни жалб қилиш ва ушлаб қолишда ёрдам беради ҳамда қисқартирилган иш соатларида ҳам худди шундай самарадорликни таъминлайди. Айниқса, Лондон шаҳридаги компаниялар бу ташаббусга энг фаол қўшилган бўлиб, уларнинг 59 таси тўрт кунлик иш ҳафтасини жорий этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония пойтахти Токиода оилага вақт ажратиш ва туғилиш даражасини ошириш учун тўрт кунлик иш ҳафтаси жорий этилиши ҳақида хабар берилганди. Янги тартиб бўйича ходимлар ҳар ҳафтада уч кун дам олиш имкониятига эга бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Буюк Британия компания тўрт кунлик иш ҳафтаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг