Nvidia дунёдаги энг қиммат уч компания қаторига қайтди
Олам
−
1282 2 дақиқа
Nvidia компаниясининг бозор қиймати биржа савдолари якунларига кўра бир кунда қарийб 1 трлн долларга ўсди. Бунга компания асосчиси ва раҳбари Женсен Хуангнинг бош директор лавозимига қайтиши билан боғлиқ хабарлар сабаб бўлган. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Маълумотларга кўра, кеча, 23 ноябрь кунги савдолар якунида Nvidia акциялари 31,48 фоизга қимматлашиб, бир дона акция нархи 165,05 долларни ташкил этган. Натижада компаниянинг бозор капиталлашуви аввалги кунги 3,031 трлн доллардан 3,985 трлн долларга етган. Бу бир кун ичида 954 млрд долларлик ўсишни англатади.
Хуангнинг раҳбарликка қайтиши ортидан Nvidia дунёдаги энг йирик компаниялар орасида иккинчи ўринга кўтарилган. Шу тариқа, у аввал учинчи ўринни эгаллаб турган АҚШнинг Alphabet холдингини ортда қолдирган. Биринчи ўринда эса Apple қолмоқда.
Компания раҳбари билан боғлиқ можаро ноябрь ойи бошларида омма эътиборига тушган эди. Ўшанда Хуанг АҚШ разведка идоралари Хитой махсус хизматлари билан алоқадор бўлиши мумкин деб ҳисоблаётган Megaspeed компанияси асосчиси Элис Хуанг билан ишқий муносабатда бўлганликда гумон қилинган. Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, аёл Хитойга сунъий интеллект чипларини етказиб бериш бўйича АҚШ чекловларини четлаб ўтишга уриниш ва жосуслик гумонлари билан текширувга тортилган. Бу ҳолатдан кейин Хуанг ходимлари ва оила аъзоларидан узр сўраб, Nvidia бош директори лавозимидан кетган.
Мазкур можаро тадбиркорнинг шахсий бойлигига ҳам таъсир кўрсатган. Натижада у “Forbes” журнали тузадиган дунёнинг энг бой ўн кишиси рўйхатидан чиқиб, 18-ўринга тушиб кетган. Ҳозирда эса Хуанг ушбу рейтингда 13-ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, 20 ноябрь куни АҚШ фонд бозорида савдолар бошланиши билан Nvidia акциялари 5,5 фоизга арзонлашган эди. Натижада компания дунёнинг бозор қиймати энг юқори бўлган корпорациялари рейтингида тўртинчи ўринга тушиб кетди.
Live
Барчаси