Ҳиёнат сабаб ишидан айрилган Женсен Хуанг Nvidia’га қайтди
Технология
−
230 4 дақиқа
Женсен Хуанг Nvidia президенти ва бош директори лавозимларига директорлар кенгаши аъзоси сифатида қайта тикланди. Бу ҳақда компания веб-сайтида хабар қилинди.
Қайд этилишича, овоз беришдан олдин Хуанг билан бир қатор муҳокамалар ва учрашувлар ўтказилган. Музокаралар давомида директорлар кенгаши “унинг ҳалоллиги ва компанияни бошқариш қобилиятидан мамнун бўлгани” қайд этилган. Қарор қабул қилишда кенгаш АҚШ ҳукуматининг юқори мартабали вакилларидан олинган маълумотларни ҳам инобатга олган ва шу асосда Хуангнинг лавозимга қайта тикланиши миллий хавфсизликка таҳдид солмаслигига ишонч ҳосил қилган.
“Директорлар кенгаши Женсенни Nvidia’га раҳбарлик қилиш учун муносиб инсон деб ҳисоблайди ва унинг лавозимга қайта тикланиши акциядорларимиз, ходимларимиз, ҳамкорларимиз ва мижозларимиз манфаатларига жавоб беради”, дейди директорлар кенгаши раиси Харви Жонс.
Хуангнинг ўзи эса Nvidia’га қайтиш ва “янги саноат инқилоби бошланишида дунёнинг энг муҳим технологик компанияларидан бирига раҳбарлик қилиш” унинг учун катта шараф эканини билдирган. У директорлар кенгашига ишонч учун, шунингдек, ходимлар, акциядорлар ва ҳамкорларга қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик изҳор этган.
“Бош директор вазифасини бажариб келган Колетт Кресс Nvidia молия директори сифатида ишлашда давом этади”, дейилади пресс-релизда.
Хуанг бош директор лавозимига қайтганига қарамай, компания унинг “хорижий разведка қизиқиши объектига” айланган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарларни текширишда давом этади. Бунинг учун Nvidia махсус қўмита тузган ва мустақил юристларни жалб қилган. Хабарда таъкидланишича, Хуангнинг ўзи текширувни қўллаб-қувватлайди ва текширувчилар билан ҳамкорлик қилишга тайёр.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Женсен Хуангни бош директор лавозимига қайтариш қарорини қўллаб-қувватлаган. У ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида компания ва Америка иқтисодиёти муваффақиятини таъминлаш учун АҚШга Хуангнинг раҳбарлиги зарурлигини таъкидлаган.
“АҚШ Бош прокурори ҳукуматда унинг бирор-бир ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этгани ҳақида далиллар йўқлигини тасдиқлади”, деб ёзди Трамп.
Президент, шунингдек, Хуангни “буюк ватанпарвар ва миллий бойлик” деб атаган.
Айни пайтда Хуангнинг компания раҳбари лавозимига қайтгани ҳақидаги хабарлар ортидан Nvidia акциялари 30 фоизга кўтарилиб, 165,6 долларга етган. Пресс-релиз эълон қилинишидан олдин акциялар бир донаси учун 136 доллар даражасида сотилаётган эди.
Маълумот учун, Nvidia – Америка технологик компанияси, график процессорлар ва сунъий интеллект чипларини ишлаб чиқарувчи дунёдаги энг йирик компаниялардан бири. Унинг маҳсулотлари маълумотларни қайта ишлаш марказлари, суперкомпьютерлар, ўйин видеокарталари, автоном бошқарув тизимлари ва робототехникада қўлланилади.
2026 йил 23 ноябрь ҳолатига кўра, Nvidia’нинг бозор капиталлашуви тахминан 3,04 триллион долларни ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, компания ташкил этилганидан бери Nvidia’ни бошқариб келган Хуанг жорий йилнинг 12 ноябрь куни “жосуслик можароси”дан сўнг истеъфога чиққан эди: у фамилиядоши Элис Хуанг – ХХР фуқароси, CCTV собиқ мухбири ва Megaspeed International собиқ раҳбари билан ишқий муносабатда бўлганликда гумон қилинганди. NYT маълумотларига кўра, Америка махсус хизматлари ушбу аёлни ХХР разведкаси агенти деб ҳисоблайди. АҚШ Адлия вазирлиги буни тасдиқламаган. Хитой эса бу воқеага алоқадорлигини рад этган.
Хуанг хиёнат қилганини тан олган, бироқ айнан ким билан муносабатда бўлганига аниқлик киритмаган эди. Кўп ўтмай, “The New York Times” компаниядаги манбаларига таяниб, Хуангнинг ўз қўл остидаги ходимаси билан яна бир ишқий муносабати ҳақида хабар берди, “Reuters” эса бизнесменнинг “учинчи маъшуқасини” аниқлади.
Nvidia’дан кетганидан бир неча кун ўтгач, Хуанг агар директорлар кенгаши буни акциядорлар, ходимлар, компания ва АҚШ манфаатларига жавоб беради деб ҳисобласа, қайтишга тайёрлигини билдирган эди. Бир қатор инвесторлар ва ходимлар, шунингдек, Трампнинг ўзи ҳам Хуангнинг қайтишини ёқлаб чиқди. Америкалик тадбиркор Илон Маск Хуангни фаолиятининг чўққисидаги баскетболчи Майкл Жорданга қиёслаган. ВТБ раҳбари Андрей Костин эса Хуангнинг истеъфоси фонида замонавий дунёда “ҳеч нарсани яшириб бўлмаслигини” ҳазил аралаш қайд этиб, “йигитни бекорга еб битиришганини” таъкидлади.
Live
Барчаси