Токиода туғилиш даражасини ошириш учун тўрт кунлик иш ҳафтаси жорий этилади

Олам

image

Япония пойтахти Токиода оилага вақт ажратиш ва туғилиш даражасини ошириш учун тўрт кунлик иш ҳафтаси жорий этилади. Ушбу янги тартиб 2025 йилнинг апрель ойидан бошлаб амалга оширилади. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Қайд этилишича, янги тартиб бўйича ходимлар ҳар ҳафтада уч кун дам олиш имкониятига эга бўлади. Бундан ташқари, бошланғич мактабнинг биринчи уч синфида ўқиётган фарзандлари бўлган ота-оналарга маълум миқдорда маошдан воз кечиш эвазига ишни эрта якунлаш имкони берилади.

“Биз иш услубларини қайта кўриб чиқамиз ва туғилиш ёки болаларни парваришлаш каби ҳаётий воқеалар туфайли ҳеч кимнинг фаолиятидан воз кечишига йўл қўймаймиз. Токио халқи ҳаёти, яшаш шароитлари ва иқтисодиётини ҳимоя қилиш ва яхшилаш учун ташаббусни қўлга олиш вақти келди”, деди Токио губернатори Юрико Коике.

Маълумот учун, ўтган йили Японияда 727 277 туғилиш қайд этилган бўлиб, бир аёлга тўғри келадиган туғилиш даражаси – туғруқ даврида дунёга келтирилган болалар сони 1,2 га тушиб кетган. Халқ сонини барқарор сақлаш учун бу кўрсаткич 2,1 бўлиши лозим.

Япония ҳукумати аҳоли инқирозини бартараф этиш учун эркакларнинг оталик таътилига чиқишини таъминлаш каби қатор чора-тадбирларини илгари сурмоқда. Маҳаллий ҳукуматлар эса иш шароитларини яхшилаш бўйича турли чораларни амалга оширмоқда.

Кўплаб социологлар туғилиш даражасининг пасайишини Япония меҳнат маданиятининг талабчанлиги ва яшаш харажатларининг ошиши билан боғламоқда. Иш соатларининг кўплиги узоқ вақтдан бери Япония корпоратив ҳаётининг муаммоси бўлиб келган, бу эса соғлиқ муаммоларини келтириб чиқаради, айрим ҳолларда эса ҳаддан ташқари кўп ишлаш туфайли ўлим, яъни “кароши” ҳолатига олиб келади.

Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2022 йилда Япония аёлларининг меҳнат бозоридаги иштироки 55 фоизни ташкил этган, эркакларда эса бу кўрсаткич 72 фоиз бўлиб, бу юқори даромадли давлатлар орасида катта фарқ ҳисобланади.

Тўрт кунлик иш ҳафтасига ўтиш Ғарбда ҳам тобора кўпроқ қизиқиш уйғотмоқда. Баъзи компаниялар бу тизимни иш ва ҳаёт мувозанатини излаётган истеъдодларни жалб қилиш усули сифатида кўриб чиқмоқда. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу ишчиларнинг фаровонлигини ва самарадорлигини оширади.

Бироқ Япония компаниялари орасида мазкур ғоя ҳанузгача радикал ўзгариш сифатида қаралмоқда, чунки улар кўпинча ишлашга сарфланган вақтни компанияга садоқат билан боғлайди.

Токио оилага қулай сиёсатларни амалга ошираётган ягона Осиё шаҳри эмас. Сингапур ҳам жорий йил барча компанияларни ходимларнинг мослашувчан ишлаш тартибига оид талабларини кўриб чиқишга мажбур қилувчи янги кўрсатмаларни жорий этган. Бу тўрт кунлик иш ҳафтаси ёки мослашувчан иш соатларини ўз ичига олиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Японияда 2024 йилнинг биринчи ярмида туғилиш рекорд даражага тушиб, 350 минг болани ташкил этгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Токио иш ҳафтаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг