Британия Украинага ўнлаб Storm Shadow ракеталарини топширди
Олам
−
11:51
1368Бир неча ҳафта олдин Британия ҳукумати Украинага яна ўнлаб узоқ масофага учувчи Storm Shadow қанотли ракеталарини топширган. Бу ҳақда кеча, 25 ноябрь куни манбаларига таяниб, “Bloomberg” агентлиги хабар берди.
Билдирилишича, Россия Федерациясига қарши мудофаа уруши олиб бораётган Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда берган Бош вазир Кир Стармер ҳокимият тепасига келганидан бери Storm Shadow биринчи марта Киевга етказилмоқда.
Нашр суҳбатдошлари тезкор хавфсизлик нуқтаи назаридан юборилган ракеталар сони ва уларнинг узатилиш вақтини очиқлашдан бош тортди.
Агентликнинг қайд этишича, ракеталар АҚШ ва Буюк Британиянинг Россиядаги ҳарбий нишонларга зарба бериш учун узатилган қуроллардан фойдаланишга қўйилган чекловларни олиб ташлаш ҳақидаги яқиндаги қароридан олдин ўтказилган.
"Bloomberg", шунингдек, Украина Қуролли кучлари ўтган ҳафта, Америка ATACMS ракеталари учирилгандан бир кун ўтиб Россия Федерациясидаги нишонларга қарши Британиянинг Storm Shadow ракеталарини биринчи марта қўллаганига эътибор қаратди.
Маълумот учун, Америка матбуоти 17 ноябрь куни Жо Байден маъмурияти Украинага Россиядаги нишонларга қарши ATACMS ракеталарини қўллашга рухсат бергани ҳақида хабар берди. Аналогик қарорлар Буюк Британия ва Франция томонидан ҳам қабул қилингани айтилди.
Эслатиб ўтамиз, 19 ноябрь куни эрталаб Украина Қуролли кучлари Брянск вилояти Карачев шаҳри яқинидаги ўқ-дорилар омборига ATACMS ракеталари ёрдамида зарба берганди. Бу билан Украина Россиядаги нишонларга нисбатан биринчи марта узоқ масофали Америка ракеталарини қўллади. 20 ноябрда эса Украина Қуролли кучлари Курск вилоятидаги нишонга биринчи марта Британиянинг Storm Shadow ракеталарини отгани хабар қилинди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги эса агар Украина Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун узоқ масофали ракеталардан фойдаланса, Москванинг жавоби адекват ва аниқ бўлишини билдирганди. 21 ноябрь куни Россия ўзининг ўрта масофали “Орешник” баллистик ракетасини Украинадаги объектга қарата учирди. Кеча, 25 ноябрь куни Украина Курск вилоятига ATACMS ракеталари билан ҳужум уюштирди.
LiveБарчаси