Британия компанияси Устюртдаги нефть-газ блокидан 40 фоиз улуш сотиб олди
Жамият
−
13 Май 1839 2 дақиқа
Британиянинг British Petroleum компанияси Ўзбекистоннинг Шимолий Устюрт нефть-газ минтақасидаги олтита блок бўйича маҳсулот тақсимотига оид битим (МТБ) имзолади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, битим Бойтерак, Теренгқудуқ, Бирқори, Ҳарой, Қорақалпоқ ва Қулбой блокларини ўз ичига олади. Умумий ҳисобда BP маҳсулот тақсимотига оид битимда 40 фоизлик иштирок улушини қўлга киритган: мавжуд шериклар – SOCAR ва “Ўзбекнефтгаз”нинг ҳар биридан 20 фоиздан улуш сотиб олинган.
Битим кучга кирганидан сўнг МТБдаги иштирок улушлари қуйидагича тақсимланади:
- BP – 40 фоиз;
- “Ўзбекнефтгаз” – 30 фоиз;
- SOCAR (лойиҳа оператори) – 30 фоиз.
2025 йил июль ойида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги, Озарбайжон Давлат нефть компанияси (SOCAR) ва “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти Устюрт нефть-газ ҳудудининг инвестиция блокларида геология-қидирув ишларини олиб бориш ва кейинчалик углевородларни қазиб олишни назарда тутувчи маҳсулот тақсимотига оид битимни имзолаган.
Битим шартларига кўра, камида 1 000 квадрат километр майдонда 3D сейсмик қидирув ишларини ўтказиш ва натижаларга кўра битта қудуқда геология-қидирув ишларини бошлаш режалаштирилган. Саноат аҳамиятига эга углевород конлари аниқланган тақдирда, томонлар уларни ўзлаштириш ва кейинчалик қазиб олишга киришади.
“Ҳозирги вақтда лойиҳа биринчи босқичда, бунда SOCAR оператор сифатида сейсмик ишларни амалга оширмоқда”, дейилади BP хабарида.
Ҳукуматнинг дастлабки баҳолашига кўра, ушбу минтақа 100 миллион тоннагача нефть ва 35 миллиард кубометр табиий газ захираси салоҳиятига эга.
Live
Барчаси