Британия қўшинларининг катта қисми Афғонистонни тарк этган — Жонсон
Олам
−
09 Июль 2021
2747Буюк Британия қўшинларининг аксарияти аллақачон Афғонистон ҳудудини тарк этган. Бу ҳақда Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон маълум қилди, деб хабар бермоқда “The Guardian” нашри.
Бош вазир маълум сабабларга кўра Британия кучларини олиб чиқиш жадвалини ошкор қила олмаслигини таъкидлаган.
“Афғонистондаги НАТО миссиясида хизмат қилган барча инглиз ҳарбийлари уйга қайтмоқда”, деган Жонсон қироллик Афғонистонни қўллаб-қувватлашда давом этишини таъкидлаб.
Шунингдек, Британия ҳукумати раҳбари Буюк Британиянинг Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлари 2014 йилда якунланганини эслатган. Кейинчалик, Британия кучларининг муҳим қисми мамлакатни тарк этган ва бошқа вазифалар қолган 750 аскарга юкланган.
Аввалроқ, Англия Афғонистонда кичик ҳарбий контингентини сақлаб қолиш ниятида эканини маълум қилгандик. Британия ўз ҳарбийларини қолдирган тақдирда уларнинг вазифаси афғонистонлик ҳамкасбларини ўқитиш ва афғон армияси сафларида маслаҳатчи сифатида хизмат қилишдан иборат бўлади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ жорий йилнинг май ойидан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқа бошлади. Хабарларга кўра, расмий Вашингтон шу вақтга қадар 90 фоиз ҳарбий контингентини олиб чиққан. Режага кўра, Америка Афғонистонни тарк этиш жараёнини жорий йилнинг 31 августига қадар якунламоқчи. Италия ва Германия эса Афғонистонни бутунлай тарк этишга улгурган.
Қайд этиш керакки, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШ қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилишини Вашингтоннинг “миссия муваффақиятсизлигини” тан олиши, деб ҳисоблашини маълум қилган.
Маълумот ўрнида, АҚШ ва унинг бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ — НАТО кучлари 2001 йилнинг октябрь ойида Афғонистонга қўшин киритганди. Бунга 2001 йилнинг 11 сентябрида Америкада амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари сабаб бўлган.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15