Бразилияда сайёҳлар автобуси жарликка қулаб тушди. Қурбонлар бор
Олам
−
25 Ноябрь
1187Бразилияда сайёҳларни олиб кетаётган автобус жарликка қулаб тушиши оқибатида 23 йўловчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, UOL хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, автоҳалокат Алагоас штати ҳудудида юз берган. Тахминларга кўра, автобусда 50 га яқин йўловчи бўлган, улардан 22 нафари воқеа жойида ҳалок бўлган. Бир йўловчи – ҳомиладор аёл шифохонада вафот этган.
Автобус йўловчиларни тоғли ҳудуд орқали Киломбу Палмарис хотира паркидаги тадбирларда иштирок этиш учун олиб кетаётган бўлган. Аммо ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, транспорт воситаси жарликка қулаган. Воқеа жойига зудлик билан 29 нафар қутқарувчи, шунингдек, тиббиёт вертолёти ва тез ёрдам машиналари юборилган. Омон қолган йўловчилар, жумладан, болалар шифохонага етказилган. Айрим жароҳатланганлар оғир аҳволда.
Алагоас губернатори Паулу Дантас воқеа муносабати билан давлатда уч кунлик расмий мотам эълон қилган ва қурбонларнинг оилалари ҳамда дўстларига ҳамдардлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон шимолидаги Ҳинд дарёсига автобус тушиб кетиши оқибатида камида 22 киши ҳалок бўлган эди.