БП Сергелидаги фожиа бўйича огоҳлантириш билан чиқди
Жамият
−
06 Апрель 2023
20673Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси оммавий ахборот воситаларига Сергели туманида аёл ўзи ва болаларини ўлдиргани бўйича тасдиқланмаган маълумотлар, шунингдек, марҳума ва унинг яқинларига оид шахсий ахборотларни эълон қилмаслик бўйича огоҳлантириш билан чиқди.
Қайд этилишича, Сергели туманида аёл киши уч нафар фарзандини ўлдириб, сўнг ўз жонига қасд қилганлиги ҳолати юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Ҳозирги кунда содир бўлган воқеа билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан турли ижтимоий тармоқларда суриштирувлар ўтказилиб, вафот этган шахс ҳамда унинг яқин қариндошларининг шахсий ҳаёти, шаънига доир маълумотлар ҳар хил талқин қилинган ҳолда оммавий ахборот воситаларида тарқатиб келинмоқда.
Тарқатилаётган ушбу маълумотлар терговнинг объектив ва холисона олиб борилишига халақит қилмоқда.
Жиноят-процессуал кодекси талабларидан келиб чиқиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётган вақтда шахсга доир маълумотларни тарқатиш ва терговга аралашиш қонун билан тақиқланишини эслатиб ўтамиз”, дейилади Бош прокуратура баёнотида.
Шунингдек, баёнот сўнгида, Бош прокуратура оммавий ахборот воситалари вакиллари ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини тергов тугагунига қадар тармоқларда ушбу фожиага оид маълумотларни тарқатмаслик ва фуқаролар шахсий ҳаётини муҳокама қилмасликка чақирган.
Тергов натижаси ҳақида қўшимча равишда маълум қилинади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 апрель куни Тошкент шаҳар Сергели туманида 27 ёшли Д.А. 3 нафар фарзанди билан ўзини 9-қаватдан пастга ташлаган эди. Оқибатда она ҳам, болалар ҳам воқеа жойида вафот этди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-(қасддан одам ўлдириш) ва 103-(ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь