Ботир Қодиров Шерали Жўраевнинг ўғли бўлиб чиқди (видео)
Маданият-санъат
−
11 Сентябрь
37296Шерали Жўраев Ботир Қодировнинг отаси бўлиб чиқди. Бу ҳақда суд залидан QALAMPIR.UZ журналисти хабар берди.
“Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди даъвогар Қодиров Ботир Шералиевични жавобгарлар Жўраев Шоҳжаҳон Шерали ўғли ва Жўраев Зоҳиршоҳ Шерали ўғлига нисбатан оталик тартибини белгилаш ҳақидаги даъво аризасини кўриб чиқиб, қарор қилади:
даъвогар Қодиров Ботир Шералиевични жавобгарлар Жўраев Шоҳжаҳон Шерали ўғли ва Жўраев Зоҳиршоҳ Шерали ўғлига нисбатан оталик тартибини белгилаш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилсин. Марҳум 2023 йил 4 сентябрда вафот этган Шерали Жўраев 1981 йил 5 майда туғилган Қодиров Ботир Шералиевичга нисбатан оталик факти белгилансин.
1981 йил 5 майда туғилган Қодиров Ботир Шералиевични Андижон шаҳар ФҲДЁ бўлимида 1983 йил 11 мартда 12-сон билан қайд этилган туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувининг ота устунида – Шерали Жураев, 12.04.1945 йилда Андижон вилояти, Асака шаҳрида туғилган, миллати ўзбек деб кўрсатилсин”, деди судья Лола Ўтанбоева.
Унинг айтишича, ҳал қилув қарори бир ойдан кейин кучга киради. Ҳал қилув қарори устидан у қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида шу суд орқали Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида ёки қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарори устидан у қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида кассация тартибида шикоят берилиши ёхуд прокурор протест келтириши мумкин.
“Шунингдек, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази томонидан тақдим этилган хулосаларда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан Адлия вазирлигига хусусий ажрим чиқаради”, деди судья.
Жўраевлар иши
Ботир Қодиров шу йилнинг февраль ойи бошларида онасининг шаъни, ор-номуси ва ўзининг қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида оталик фактини белгилаш учун даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.
Мазкур иш 15 апрель куни фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судида судья Ўтанбоева томонидан кўриб чиқилиши белгиланган. Бироқ жавобгар (Зоҳиршоҳ Жўраев) вакили иш билан танишиш учун судни бошқа кунга қолдиришни сўраган. Биринчи суд мажлиси 23 апрель куни бўлиб ўтди. Билдирилишича, суд мажлисида даъвогар вакилининг кўрсатмаси эшитилиб, гувоҳларни ишга жалб этиш ва қўшимча далилларни талаб қилиб олиш учун ишни кўриш яна 2 майга қолдирилган.
Даъво аризасига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза марказининг 2023 йил 29 сентябрдаги мутахассис фикри илова қилинган. Унда Ҳалимжон Нурматов билан Ботир Шералиевич Қодировнинг амаки-жиян эканлиги бўйича фикр берилган.
Ботир Қодировнинг ўзи Жўраевларни судга берганига Шерали Жўраевнинг тўнғич ўғли Шоҳжаҳон Жўраевнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига уни ҳақоратлаб қўйган пости сабаб бўлганини айтди.
Гап шундаки, хонанда Шоҳжаҳон Жўраев ўзининг Instagram саҳифасида Ботир Қодировга тегиштириб, ноўрин сўзларни ёзган. Қодировнинг продюсери Асрор Исохўжаевнинг сўзларига кўра, айнан шу пост сабабли қўшиқчи марҳум санъаткор Шерали Жўраев оиласини судга беришга мажбур бўлган.
QALAMPIR.UZ ушбу мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида Шерали Жўраевнинг укаси Ҳалимжон Нурматов билан боғланди. Буни қарангки, у Ботир Қодиров билан амаки-жиян эканини аниқлаш учун ДНК текшируви ўтказилганини рад этганди.
Хонанда Ботир Қодиров QALAMPIR.UZ’га берган интервьюсида барча саволларга жавоб бериб, Шерали Жўраев шубҳасиз унинг отаси экани, хонанда 20 ёшга тўлгунга қадар ота-бола жуда кўп борди-келди қилиб тургани, онасига бўлган тазйиқлар, унда оталик фактини исботловчи барча далиллар борлигини айтди.