Борис Жонсон интенсив терапия бўлимига ўтказилди. Унинг аҳволи оғир
Олам
−
07 Апрель 2020
7545Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсоннинг аҳволи оғирлашди. Бу ҳақда ҳукумат девонхонаси вакили маълум қилди.
“Шифокорлар маслаҳатига кўра, уни интенсив терапия бўлимига ўтказишди. Бош вазир барча ёрдамни оляпти ва миллий соғлиқни сақлаш тизимига миннатдорлик билдиряпти”, деган ҳукумат вакили.
Жонсон соғлиғи ёмонлашгани сабабли Ташқи ишлар вазири Доминик Раабдан вақтинча унинг вазифасини бажариб туришни сўраган.
ITV телеканалиниг сиёсат бўлими муҳаррири Роберт Пестоннинг сўзларига кўра, Жонсон ҳушида, бироқ нафас олиши осонлашиши учун сунъий нафас олиш ускунасига уланган.
Буюк Британия Бош вазири коронавирусга чалингани 27 март куни маълум бўлганди. Ўша кундан бошлаб ўзини изоляция қилган, бироқ ишлашда давом этган. 3 апрель куни видеомурожаатда Борис Жонсон тана ҳарорати тушмаётганини айтган.
5 апрель куни Жонсон Лондондаги шифохонага ётқизилган. Бош вазир 10 кун давомида COVID-19 аломатлари кузатилгани учун шифохонага ётқизилган.
Маълумот учун, Буюк Британияда 52 279 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 5385 нафари вафот этган ва 287 нафари даволанган.