Жиловланмас Британия: Буюк Британия Бош вазири яна алмашиши мумкин
Таҳлил
−
21 Май 1206 10 дақиқа
Буюк Британия бош вазирга ёлчимади. Терезе Мей, Борис Жонсон, Лиз Трасс, Риши Сунак ва энди навбат Кир Стармерга келди, эҳтимол.
Юқорида санаб ўтилган дастлабки тўрт шахс ўзининг қонуний 5 йиллик ваколат муддати тугамасиданоқ, истеъфо беришга мажбур бўлган. Британия сиёсий тизимида Бош вазирлар парламент ёки ўз партияси олдида тўғридан-тўғри масъул бўлгани сабабли, сиёсий босим остида муддатидан олдин кетиш сўнгги йилларда “урфга кирди” дейиш мумкин. Бугун Британия ҳукумати атрофида содир бўлаётган воқеаларни кузатар эканмиз, собиқ империяни ҳеч ким мудом жиловлай олмаётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Британиянинг обрўсини бир мунча тиклаган деб қаралган Кир Стармернинг ҳам “курсиси қимирламоқда” ва бу баъзи таҳлилчиларда инглизча демократиянинг камчилиги деган фикрларни пайдо бўлишига олиб келмоқда.
Британияда бош вазир қандай сайланади?
Маълумингизки, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги (Буюк Британия ёки Британия) расмий жиҳатдан парламентар монархия ҳисобланади. Давлатнинг олий раҳбари қирол ёки қиролича саналсада, амалда “бошқарув чамбараги” бош вазир қўлида ҳисобланади. Шу сабаб ҳам ушбу лавозим курсисида ким ўтиргани ҳар бир Британия фуқароси учун муҳимдир. Мамлакатда фуқаролар бош вазирни бевосита сайламасада, унинг ҳокимиятга келишида иштирок этади. Сайловда ҳар бир маъмурий бирлик ўз депутатини, парламентдаги вакилини сайлайди. Жами 650 та депутатлик ўрни бўлиб, қайси партия бу ўринларнинг кўпчилигини (энг камида 326 тасини) қўлга киритса, ўша партия ҳукуматни шакллантиради. Партия раҳабри эса, автоматик равишда бош вазир бўлади. Муҳим жиҳати шундаки, бош вазир лавозимига келиш қанчалик қийин бўлса, бу ўринни бой бериш шу қадар осон. Кўп ҳолларда, агар юритилаётган сиёсат фуқароларга (халққа) ёки парламентга ёқмаса, сиёсий босим орқали амалдаги Бош вазир ўз хоҳиши билан истефога чиқиши мумкин. Шундан сўнг, партия ичида қайта сайлов бўлиб ўтади ва ким ғолиб чиқса, ўша бош вазир бўлади.
Стармер айнан шу хавф остида турибди. Ҳудудий сайлов натижалари шуни кўрсатмоқдаки, унинг ҳокимияти “қил устида” турибди.
Брехит ботқоғида ғарқ бўлган Тереза Мей
2016 йил 13 июль. Девид Камерон Британия раҳбарлигидан кетди. Сабаб оддий эди – у Британияни Европа Иттифоқида қолдиришни хоҳлаган, референдум эса, аксинча натижа берган. Унинг ўрнига Консерваторлар партиясида ички танлов ўтказилди ва Ички ишлар вазири Тереза Мей янги бош вазир бўлди. У Маргарет Тэтчердан кейин Британиянинг иккинчи аёл раҳбари эди.
Мей лавозимга келганда бир жумлали дастур эълон қилди: “Brexit — Brexit. Ва биз ундан муваффақиятли чиқамиз”. Европа Иттифоқининг иқтисодий бадалларидан чарчаган фуқароларга бу қисқа, аммо ишончли мақсад ёқади.
2017 йил 29 март санасида Британия расман Европа Иттифоқидан чиқиш жараёнини бошлади. Мей ўз мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида 2017 йил 8 июнда муддатидан олдин парламент сайловини ўтказди. Социологик сўровлар унга осон ғалаба ваъда қилган эди. Аммо ҳисоб-китоб нотўғри чиқди, консерваторларнинг парламентдаги сони 330 тадан 317 тага камайди ва Консерваторлар парламентдаги мутлоқ кўпчилик ўринларини йўқотишди. Натижада, Мей Шимолий Ирландиянинг Демократик юниончилар партияси (DUP) билан коалиция тузишга мажбур бўлди.
2018–2019 йилларда эса, Brexit бўйича музокаралар унинг ҳукуматини деярли фалаж ҳолатга олиб келди. Мей Брюссел билан чиқиш шартномасини келишиб олди, бироқ Британия парламенти бу келишувни кетма-кет уч марта рад этди. Муаммо шундаки, Мей икки томоннинг ҳам ишончини қозонолмади. Brexit тарафдорлари уни ҳаддан ташқари юмшоқ сиёсатда айбласа, иттифоқ тарафдорлари эса, умуман Brexit’нинг ўзига қарши эди. Бу Британия тарихидаги энг катта парламент мағлубиятларидан бири бўлди.
2019 йил 24 май, Мей ўз истеъфосини кўзларида ёш билан эълон қилди.
“Менга ишонч билдирганингиз ва хизмат қилиш имкониятини берганингиз учун ташаккур. Бу орзу ва имкониятлар мамлакати ва умид қиламанки, аёл бош вазирни кўрган ҳар бир ёш қиз энди ўзи эриша оладиган нарсаларнинг чегараси йўқлигини аниқ билади”, деган эди у.
Борис Жонсон
2019 йил 24 июлда Консерваторлар партиясининг ички сайловларида ғалаба қозонган Борис Жонсон Британиянинг бош вазири бўлди. У ҳам Brexit’ни амалга оширишга ваъда берди.
2019 йил декабрда Жонсон умумий сайловда 80 ўринлик устунлик билан ғалаба қозонди. 2020 йил 23 январда Brexit тўғрисидаги қонун парламент томонидан тасдиқланди. Европа парламенти ҳам олти кун ўтиб бу қарорни маъқуллади. Жонсон ўз ваъдасининг устидан чиқди. Ҳамма уни олқишлар, унинг обрўси ошиб кетган эди. Аммо, кейин пандемия бошланди ва ҳамма нарса ағдар-тўнтар бўлиб кетди.
2021 йил ноябрь ойида матбуотда бош вазирнинг карантин қоидаларига риоя қилмаган ҳолда ярширин зиёфатлар ўтказиб келгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу воқеа “Партигейт” – “Зиёфат жанжали” деб ном олди. Жонсон дастлаб ҳамма айбловларни инкор этган бўлса-да, жамоатчилик босими уни текширувлар ўтказилишига рози бўлишига мажбур қилди.
Охир-оқибат эса, у 50 фунт стерлинг жарима тўлади ва қонунни бузганлиги учун расмий жазоланган биринчи амалдаги бош вазирга айланди.
Ушбу воқеалардан сўнг, обрўси тушиб кетган Борис Жонсоннинг бу “курсида” ўтириши ҳеч кимга ёқмас эди. 2022 йил июнь ойида 54 та консерватив депутат Жонсоннинг истеъфосини талаб қилиб расмий мурожаат юборди. Аммо ички сайловлар натижасидаги қисқа фарқ туфайли Жонсон ўз лавозимини сақлаб қолди. Бироқ жамоа ундан аллақачон юз ўгирган эди. 2022 йил 5 июль куни ҳукуматнинг энг муҳим икки шахси – Молия вазири Риши Сунак ва Соғлиқни сақлаш вазири Сажид Жавид жонли эфирда истеъфо беришини эълон қилди. Бу занжирли реакцияни бошлаб юборди. Бор-йўғи 72 соат ичида ҳукуматнинг 62 нафар аъзоси (вазирлар ва масъул шахслар) Жонсонга норозилик сифатида лавозимидан кетди.
7 июль куни соат 12:30 да Жонсон расмий равишда истеъфосини эълон қилди.
45 кун
2022 йил 5 сентябрда Лиз Трасс Консерваторлар партиясининг янги лидери этиб сайланди. 6 сентябрда у қирол Елизаветта II нинг тайинлови билан бош вазир лавозимини қабул қилди. Аммо орадан икки кун ўтиб, 8 сентябрда 96 ёшли қиролича Елизаветта II оламдан ўтди. Мамлакатда расман 10 кунлик мотам эълон қилинди. Сиёсий ҳаёт бутунлай музлатилди. Парламент мажлислари тўхтатилди, сиёсий партиялар ўзларининг сайловолди ёки тарғибот кампанияларини бекор қилишди, ҳукумат қонун лойиҳаларини қабул қилишни кечиктирди.
Мотам даври тугагач, у ўзининг бош иқтисодий режасини амалга оширишга киришди. 23 сентябрда молия вазири Кваси Квартенг томонидан парламентда солиқларни кескин камайтириш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш режалари баён этилди. Трасс бу режани Brexit берган эркинликлардан фойдаланиш деб талқин этди. Аммо бозор бунга бошқача реакция билдирди. Фунт стерлинг долларга нисбатан рекорд даражада тушиб кетди, давлат қарзлари кескин кўтарилди.
Бир кун ўтиб, Англия Марказий банки бозорни барқарорлаштириш учун 65 миллиард фунт стерлинг миқдорида қимматли қоғозлар сотиб олишга мажбур бўлди.
Трасс дастлаб ўз режасини ҳимоя қилди, аммо сиёсий ва жамоатчилик босими уни хатосини тан олишга мажбур қилди. 14 октябрда Квартенг АҚШдан шошилинч чақириб олинди ва лавозимидан бўшатилди – у атиги 38 кун молия вазири бўлди. Унинг ўрнига Жереми Хант тайинланди. Хант лавозимга келиши билан деярли барча “мини-бюджет” чораларини бекор қилди.
19 октябрда ички ишлар вазири Суэла Браверман ҳам истеъфога чиқарилди. Бир ҳафта ичида иккита йирик вазирнинг кетиши Трасснинг ички обрўсига ҳам жиддий таъсир қилди. Партия ичидаги босимларга чидолмагач, 20 октябрь куни Трасс Даунинг-стрит (Downing Street) олдида чиқиб, истеъфосини эълон қилди. Шу тариқа жами 45 кун бош вазир курсисида ўтирган Лиз Трасс Британия тарихида ушбу лавозимга энг қисқа муддат эгалик қилган шахс сифатида қолди.
Ҳинд раҳбар
Британия сиёсатида икки ой ичида икки бош вазир алмашди. Борис Жонсон июлда кетди, Лиз Трасс ҳам 45 кун ўтиб, кетишга мажбур бўлди. Мамлакатга барқарорлик керак эди. Шундай фурсатда 25 октябрь куни қирол Чарлз III Риши Сунакни бош вазир лавозимига тайинлади. Келиб чиқиши ҳинд бўлган 42 ёшли янги бош вазир Британияни қийин иқтисодий ҳолатдан қутқариши керак эди. У бош вазирликка келганида Британия сиёсати аллақачон ҳолдан тойган эди. Brexit ортидан келган иқтисодий босим, инфляция, миграция муаммоси ва консерваторларнинг кетма-кет можаролари жамиятни ҳолдан тойдирганди. Мамлакатда Консерваторлар партиясига нисбатан ишонч тушиб кетган, сиёсий майдон эса, хаос ҳолатида эди.
Сунак давридаги энг катта ва энг баҳсли масалалардан бири – иммиграция бўлди. Айниқса, ноқонуний мигрантларнинг Ла-Манш бўғози орқали қайиқда Британияга кириб келиши ҳукуматда қатор муаммоларга сабаб бўларди. Консерваторлар электорати қатъий чоралар талаб қилар, мухолифат эса ҳукуматни инсон ҳуқуқларини бузишда айбларди. Шу вазиятда Сунак бошчилигидаги ҳукумат бошпана изловчиларни Африкадаги Руанда давлатига юбориш режасини илгари сурди. Бу эса, ўз навбатида Британия тарихидаги энг тортишувли миграцион ташаббуслардан бирига айланди. 2024 йил 17 январь куни парламент ушбу қарорни тасдиқлаган бўлса-да, бу сиёсат ўзини оқламади.
Вазиятни ўнглаш учун 2024 йил 22 май куни Даунинг-стритда ёмғир остида туриб, 4 июль куни муддатидан олдин парламент сайловлари ўтказилишини расман эълон қилди.
Аммо сайлов кутилган натижани бермади. Сайлов натижаларига кўра, Консерваторлар партияси 14 йиллик ҳокимиятни қўлдан бой берди. Сунак ўрнига Кир Стармер бошчилигидаги Лейбористлар партияси келди.
Стармер боши узра қора булутлар
Лейбористлар партияси парламентдаги 650 ўриндан 412 тасини қўлга киритди. Кир Стармер бош вазир бўлди. Аммо бу ғалаба кўп ўтмай оғирлигини йўқота бошлади. Кир Стармер ҳокимиятга катта умидлар билан келган бўлса-да, қисқа вақт ичида у ҳам жиддий сиёсий босим остида қолди. Иммиграция масаласи ҳал бўлмаяпти, яшаш харажатлари инқирози давом этмоқда, ижтимоий нафақаларни қисқартириш сиёсати эса, оддий аҳолининг норозилигини кучайтириб юборди. Ҳукуматнинг чиқарган қарорларининг тез-тез бекор қилиниши Стармер кабинетини қатъий стратегияга эга бўлмаган, заиф ҳукумат сифатида кўрсата бошлади.
Сўнгги воқеалар шуни кўрсатмоқдаки, Стармер ҳам ҳали ваколат муддати тугамасиданоқ истефога чиқиши мумкин. 7 май куни мамлакат бўйлаб маҳаллий сайловлар бўлиб ўтди. Лейбористлар 35 дан ортиқ маҳаллий кенгашларда ҳокимиятни бой берди ва қарийб 1500 та депутатлик ўрнини йўқотди. Агар бу натижалар бутун мамлакат бўйича ҳисобланса, партия бор йўғи 17 фоиз натижа қайд этди дейиш мумкин. Ҳатто лейбористлар 100 йил етакчи бўлган Уэльсда ҳам бугун консерваторлар, ҳатто партия лидери ўз ўрнини йўқотди – бу Британия тарихида ҳеч бўлмаган ҳолат эди.
Партия ичида ҳам аҳвол яхши эмас, Стармерга нисбатан ишочсизлик ортиб бормоқда. Тўрт кичик вазир аллақачон лавозимини ташлаб кетди. Бош вазир эса, маҳаллий сайловлардаги мағлубият учун жавобгарликни ўз зиммасига олди ва янги сиёсий йўналишларни эълон қилди.
“Кеча айтганимдек, мен ушбу сайлов натижалари учун масъулиятни ўз зиммамга оламан ва биз ваъда берган ўзгаришларни амалга ошириш мажбуриятини ҳам ўз зиммамга оламан”, – деди Стармер.
Британия нега бош вазирларини сақлай олмаяпти?
Агар Кир Стармер яқин кунларда Даунинг-стритни тарк этса, Brexit’дан бери Британияда бош вазирнинг ўртача лавозимда қолиш муддати атиги 2 йилга тушади. Хўш, нега бош вазирлар бу қадар тез-тез алмашмоқда?
Британия сиёсатини ўрганувчи олим Бен Уорди бу ҳолатни уч омил билан изоҳлайди: муваффақиятсизлик, депутатлар билан муносабатнинг ёмонлашуви ва сиёсий майдоннинг парчаланиши.
Мей, Жонсон, Трасс ва Сунак – тўртовининг ҳам умумий томони бор эди. Уларнинг барчаси бир партиянинг вакили бўлиб, сиёсий инқирозни мерос қилиб олган ҳолда ҳокимиятга келган. Улар умумий сайловларда ғалаба қозонмаган, фуқароларнинг қўллови орқали ҳокимиятга келмаган, балки ўз ўтмишдошларининг хатоларини тузатиш учун тайинланган раҳбарлар эди. Стармер эса, аксинча – у сайловда ғалаба қозониб келди. Аммо у ҳам ўзидан олдингиларнинг йўлидан борди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, бунга яна бир сабаб – Британия депутатлари орасида тарқалган анархик кайфият, лидерга нисбатан танқидий қараш. Лейбористлар партиясининг ўзида кўплаб депутатлар Стармернинг сиёсатига ишончсизлик билан қарайди, унинг дастури яхшироқ бўлгани учун эмас, Сунак маъмуриятидан норозилар кўп бўлгани учун ғалаба унга насиб этганига ишонишади. Қиш мобайнида бериладиган ёқилғи нафақасини бекор қилиш ва ногиронлар учун ижтимоий тўловларни қисқартириш каби қарорлар депутатларнинг жиддий норозилигига сабаб бўлди.
Буюк Британиядаги сиёсий инқироз – демократиянинг инқирозими деган савол кўпчиликни қизиқтирмоқда. Чиндан ҳам демократия аслида турли, қарама-қарши фикр ўртасидаги рақобатга асосланади. Шу сабаб ҳам демократ раҳбар барчанинг умумий манфаатини топишга ҳаракат қилади. Аммо кўп ҳолларда мутлақ мувофиқ вариант бўлмагани туфайли қарорлар нисбий олиб қабул қилинади ва айнан шу нуқтада эътирозлар пайдо бўлиши табиий. Агар томонлар бир-бирини рақиб эмас, душман деб кўришни бошласа ҳокимият заифлашади, депутатлар хатоларни тузатишга эмас, мутлақ ғалаба қозонишга интилади. Буюк Британия эса, мана шундай сиёсий инқироз бўсағасида турибди.
Live
БарчасиБухорода яна зилзила бўлди
21 Май