Испания собиқ бош вазири порахўрликда айбланмоқда
Олам
−
20 Май 1450 2 дақиқа
Испания собиқ бош вазири Хосе Луис Родригес Запатеро COVID-19 пандемияси даврида хусусий авиакомпанияни “инқироздан қутқариш” учун пора олганликда ва бошқа тегишли жиноятларда айбланиб тергов қилинмоқда. Бу ҳақда Испания Олий судига таяниб, “Аl Jazeera” хабар берди.
Қайд этилишича, Олий суд собиқ амалдорнинг уйи ва офисини тинтув қилиш бўйича ордер берган. Кеча, 19 май куни прокуратура ходимлари иштирокида Запатеронинг уйи ва офиси тинтув қилинган. Тергов жараёни 2021 йилда SEPI давлат холдинги орқали 53 миллион евро пора эвазига “Plus Ultra” авиакомпаниясини инқироздан қутқариб қолиш билан боғлиқ. 2025 йилнинг декабрь ойида авиакомпаниянинг бир нечта раҳбар ходимлари, жумладан, бош директор Хулио Мартинес ҳам хибсга олинган.
Запаретога қўйилган айбловларга кўра, у ўша пайтдаги Транспорт вазири Хосе Луис Абалосга компанияни банкрот ҳолатидан сақлаб қолиш учун босим ўтказган.
Собиқ бош вазир ижтимоий тармоғидаги саҳифасига ўз видеомурожаатини жойлаган. Мурожаатда у ўзининг мутлақо айбсизлиги ва унга қўйилаётган айбловлар уни сиёсий доиралардан сиқиб чиқариш учун уюштирилаётганини айтган.
“Мен яна бир бор таъкидлайманки, “Plus Ultra”ни қутқариш учун ҳеч қандай давлат маъмурияти ёки сектори билан келишувга эришмаганман. Буларнинг барчаси тухмат. Бу ишлар мени имкон қадар сиёсий доиралардан четлатиш учун уюштирилмоқда,” дейди собиқ амалдор.
Олий суднинг билдиришича, тергов бўлими ўша пайтда Запатеро офисида ишлаган ходимлар ва ушбу ишга алоқадор барча шахслар терговга жалб қилинади. Шунингдек, суд Запатеронинг даъволарини инобатга олган ҳолда ушбу иш доирасида сиёсий лоббилар фаолияти текширилишини билдирган.
Қайд этилишича, собиқ бош вазир жорий йилнинг 2 июнь куни Мадриддаги Бош прокуратура биносида тергов қилинади.
Маълумот ўрнида, Луис Запатеро 2004-2011 йиллар мобайнида Испания ҳукуматини бошқарган. У сиёсатда ўзининг социалистик қарашлари билан ном қозонган.
Бугун, 20 май куни Испаниянинг амалдаги Бош вазири Педро Санчез ўзининг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасига Запатеронинг айбсизлигига ишониши ва уни қўллаб қувватлашини айтиб, пост қолдирган.
“Унинг бу ишда айбсизлигига ишонаман. Умид қиламанки, Олий суд уни оқлайди. Мен тергов жараёнида Луис Запатерони қўллаб-қувватлайман,” дейди Санчез.
Ҳожиакбар Муҳаммаджонов
Live
БарчасиБухорода яна зилзила бўлди
21 Май