Болаларга зўравонлик қилган тарбиячи ва педагогларга жазо кучайтирилди

Жамият

image

Таълим ташкилотларида вояга етмаган болаларга жисмоний зўравонлик қилган, уларни камситган ёки хўрлаган тарбия ва таълим беришга масъул шахсларга нисбатан жарима белгиланди. Бу ҳақда кеча, 11 сентябрь куни қабул қилинган 1174-сонли қонунда сўз боради.

Қонунга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчалар асосида таълим ташкилотида вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш мажбурияти юклатилган шахс томонидан тарбия ва таълим бериш жараёнида болага нисбатан жисмоний зўравонлик содир этиш, шунингдек, уни камситиш ёки хўрлаш каби ҳаракатларда ифодаланган тарзда таҳқирлаш, агар қилмишда жиноят ёки белгиланган бошқа ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлмаса, БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, давлат ёки нодавлат муассасаларининг тўлиқ таъминотида бўлган вояга етмаган болага алимент тўлаши шарт бўлган ота ёки онани алимент тўлашдан озод қилишга йўл қўйилмайди.

Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола фойдасига ота-онадан ёки улардан биридан ундирилиши белгиланган алимент миқдорини камайтириш бўйича ишлар кўрилаётганда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ҳам жалб этилади.

Бундан ташқари, педагогик фаолиятни амалга ошириш жараёнида вояга етмаганларга нисбатан жисмоний ва (ёки) руҳий зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик содир этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларга 1 йил давомида педагогик фаолият билан шуғулланиш тақиқланади.

Ушбу чеклов мактабгача таълим ташкилотлари, умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари, профессионал таълим ташкилотлари ҳамда болалар учун қўшимча таълим ташкилотларига татбиқ этилади.

Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 1246 қисқа рақами орқали болаларга зўравонлик ҳақида хабар бериш учун колл-марказ ишга тушганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига бола ҳуқуқларининг кафолатларини янада кучайтиришга ҳамда тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” қонун билан зўравонликка учраган хотин-қизларнинг ҳимояси кучайтирилиши белгиланганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг