“Боғча опа”ларнинг болалар ва ота-оналардан совға олиши тақиқланди
Жамият
−
24 Декабрь 2020
7708Ўзбекистондаги мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари тарбияланувчилар ёки уларнинг ота-оналаридан Янги йил байрами муносабати билан совға олиши тақиқланди. Бу ва бошқа қатор масалалар Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин бошчилигидаги Ҳайъат йиғилишида кўриб чиқилган. Йиғилишда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар мактабгача таълим бошқармалари бошлиқлари иштирок этган.
Вазирлик Матбуот хизматининг ёзишича, Ҳайъат йиғилишида ўтган йил якунлари сарҳисоб қилинган. Шунингдек, минтақалар шароитида мактабгача таълим соҳасидаги долзарб муаммолар ва вазифалар кўриб чиқилган.
Йиғилишда коронавирус инфекциясининг дунёда тарқалиши билан боғлиқ ҳозирги вазиятни ҳисобга олган ҳолда мактабгача ёшдаги болалар хавфсизлиги ва соғлиғини сақлаш масаласида ҳам сўз борган. Барча бошқарма раҳбарларининг эътибори яна бир бор республикада карантин чоралари юмшатилгани, аммо тўлиқ бекор қилинмаганига қаратилган.
Йиғилишда Янги йил байрами арафасидаги асосий уч тақиқ бўйича кўрсатмалар берилган. Булар:
• МТТ гуруҳларида ота-оналар иштирокида Янги йил байрами тадбирларини ўтказиш;
• МТТ тарбиячиларининг совға олиши;
• жамовий Янги йил тадбирларини ташкил этиш.
Йиғилиш давомида барча ҳудудий бошқармалар жорий йил якунлари бўйича фаолият натижалари ва 2021 йил режалари ҳақида маълумот берганлар.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Янги йил байрамини жамоаларда ва бир уйда истиқомат қилмайдиган қариндошлар даврасида, шунингдек уйга меҳмон таклиф қилган ҳолатда нишонлашни тавсия қилмаяпти. ЖССТ тавсияда байрами оила даврасида ёки очиқ майдонда катта бўлмаган давраларда нишонлаш ўрин олган. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса жамоавий "корпоратив"лар ўтказганлар жазоланишини эслатмоқда.
LiveБарчаси